09:15 / 17.01.2020
2 796

Ўзбек мигрантининг изларини босиб… ёхуд Россияга сафар таассуротлари

Ўзбек мигрантининг изларини босиб…  ёхуд Россияга сафар таассуротлари
Миллион. Катта рақам-а? Тўрт миллион-чи?
Айтишларича, шунча ўзбек Россияда ишлар экан...
Бу сўзларни тилимиз осонгина айтди шу топда. Тилга осон экан-да..

Келинг, фақат тилни эмас, ақлни ва янада муҳимроғи – қалбни ишга солиб, миллатнинг бошига тушган кўргилик кўламини тасаввур этишга уриниб кўрайлик. Зеро, қалбларни зада қилган офатларнинг мазмунини англашга тил эмас – айнан дил масъул.

Тўрт миллион. Тил учун бу – рақамлар товушлар йиғиндиси, ақл учун – статистика, фақат дил ишга тушганда офатларнинг моҳияти билинади. Ана ўшанда бу рақамларнинг ортида... кўз ёшларга кристаллашган оғриқ, кечалари уйқу бермайдиган ҳижрон, сулбингиздан бўлган мурғакнинг ўсиб-улғаяётганини кўра олмаётганингиз аламидан бўғзингизда қолиб кетган дод. Аммо бу ҳаммаси эмас...

Энди ўша тўрт миллионни жамлаб, армонлари ушалмаган битта қалб деб тасаввур этинг. Шунда алоҳида тақдирлар эмас – бир авлоднинг тақдири кўз олдингизда суратга кира бошлайди.

Иқлими, меҳнат ресурслари ва бошқа бир қанча ҳусусиятлари сабаб минтақанинг асосий мева-сабзавот етиштирувчи маркази бўлиши мумкин бўлган Ўзбекистон, афсуски, баъзи ривожланаётган мамлкатлар учун арзон ишчи кучи етказиб берадиган ҳудудга айланди.

Сабаби – собиқ Совет Иттифоқи барҳам топганидан кейин Ўзбекистонда аграр соҳа мамлакат аҳолисининг кўпини ташкил қилувчи қишлоқ аҳолисини иш билан банд қилиш йўлида ислоҳ қилинмади. Ҳолбуки, бу ерда гап нафақат одамларни иш билан таъминлаш, балки қишлоқларда ўзига тўқ, келажагига ишонган, миллионлаб эркин деҳқонлардан иборат ўрта синфни юзага келтириш ҳақида кетаётган эди.

Минг афсуски, бу йўлдан борилмади. Натижада миллонлаб оила бошлиқлари оилаларини ташлаб, даромад илинжида ўзга юртларга миграция қилишди. Ўзбек қишлоқларида ота тарбиясини кўрмаган бир авлод етишиб чиқди, бир дунё ижтимоий, маънавий, тиббий муаммолар юзага келди.

Меҳнат мигрантларига нисбатан турлича, баъзида беписандлик билан муносабат билдирилади. Сабаби – 90-йиллардаёқ ўз-ўзига ташлаб қўйилган ўзбек қишлоғи ҳаёти ижтимоий ҳолатни ўрганувчи деярли барча институтларнинг эътиборидан четда қолди. Ахборот воситаларидан эса қишлоқ ҳаёти эмас – чизилган-бўялган саҳналар кўрсатилди.

Натижада ўзбек қишлоғи шаҳарда яшовчи жамоатчилик учун номаълум – кўздан яширин «ўзга сайёра»дек бўлиб қолди. Бу – мавҳум-номаълум «масса»дан нарироқ бўлиш учун, масалан, пойтахт прописка-ю регистрация каби чекловлар билан «ҳимоя қилинди» ҳатто. Мамлакат маънан ва жисмонан деярли икки анклавга бўлиниб, эт тирноқдан ажралиб қолди. Эт тирноқдан ажраганда эса тана оғрийди.

Биз меҳнат мигрантининг муаммоларини қалбан ҳис қилмай қўйдик. Гўё улар бизга бегонадек. Йўқ, улар бизга бегона эмас, аслида биз мантиқни ўзимиздан бегона қилдик.

Биз «меҳнат миграцияси» номли феноменни жамоатчиликка яқинроқ таништириш, мигрантларнинг муаммолари, ўй-у кечинмалари билан танишиш учун Россияга сафар ташкил қилдик. Мақсадимиз – меҳнат мигрантининг босган қадамларини қўлимиздан келганча босиб ўтиб, қалбимиз қодир бўлганча у ҳис этганларни ҳис этиш эди.

Ўйлаймизки, бу уринишимиз жиндек бўлса-да уларни бизларга яқинлаштиради, юқори идораларда қарорлар қабул қилаётганимизда... бироз бўлса-да уларни кўз олдимизга келтиришимизга ёрдам беради.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбек мигрантининг изларини босиб… ёхуд Россияга сафар таассуротлари