15:33 / 18.01.2020
3 219

Мўйлови билан Тошкент рамзларидан бирига айланган ДАН ходими

Мўйлови билан Тошкент рамзларидан бирига айланган ДАН ходими
Фото: Тошкент шаҳар ИИББ
Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати Facebook ижтимоий тармоғида кенг тарқалган йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими, «будённийча мўйлов қўйган» тошкентлик йўл ҳаракати нозири, старшина Содиқ Қосимовнинг суратидан сўнг у ҳақда маълумотлар билан бўлишди.

Таъкидланишича, хушмуомала, хушчақчақ бу инсоннинг фотосурати 1966 йилда «Огонёк» журналининг муқовасида босилган. Сураткаш Лев Шерстенников Содиқ Қосимовнинг кайфиятини, одамларга ва ўз касбига бўлган муносабатини сурат орқали акс эттира олган.

«Одамлар у ҳақида машиналар ‘қулоқ соладиган’ бошқарувчи деб гапиришарди: таёқчани силкитиши билан — машиналар ўнгга бурилар, яна бир силкитиш билан — улар тўхтаб, йўловчиларни ўтказиб юборарди», — дейилади хабарда.

Содиқ Қосимов – тошкентлик бўлиб, ҳунармандлар оиласида туғилган. Милицияда хизмат бошлаганидан бир йил ўтгач, тўрт нафар жиноятчини қўлга олишда қаҳрамонлик кўрсатганлиги учун 7-милиция бўлими милиционери Қосимовга миннатдорчилик эълон қилинган ва рағбатлантириш сифатида велосипед топширилган.

ИИББнинг қайд этишича, кўпчилик старшина Қосимовни йўл ҳаракатини бошқариш бўлими ходими сифатида эслайди — пойтахтликлар уни истеъдодли, ўз ишининг моҳир устаси деб билишар, у ҳақида турли ҳикоялар оғиздан оғизга ўтиб келади. Ҳаракатларининг равонлиги, гўзаллиги ва нафосати учун одамлар уни «артист» деб аташган ва ёш-у қари унинг йўл ҳаракатини бошқаришини кузатиш учун келган.

У кўпинча «Ёш гвардия» кинотеатри ёнида ҳамда бошқа кўплаб чорраҳаларда хизмат олиб борган. Катта ёшли авлоднинг эслашича, Қосимов ўз ишига сидқидилдан ёндашган. Унга ҳайдовчилар ҳам, пиёдалар ва ҳамкасблари ҳам ҳурмат билан қараган. Қосимов хизмат бошлаганининг 25 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ўтказилган.

Старшина Қосимов узоқ йиллик ҳалол хизмати давомида бир неча бор давлат мукофотларига сазовор бўлган. У ҳеч қачон ҳайфсан олмаган ва раҳбарият томонидан 83 марта рағбатлантириш олган. У орден ва медаллар (жумладан, «Қизил байроқ» ва «Қизил юлдуз»), «Беш йиллик зарбдори» унвонини олган.

«Бугун, ўнлаб йиллар ўтса ҳам Содиқ Қосимовнинг хотираси барҳаёт. Тармоқдаги муҳокамаларда ўнлаб одамларнинг у ҳақдаги таассурот ва хотираларини ўқиш ёқимли», — дейилади хабарда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мўйлови билан Тошкент рамзларидан бирига айланган ДАН ходими