19:54 / 18.01.2020
2 431

Коммунал бошқарув бўйича янги тизим йўлга қўйилиши мумкин

Коммунал бошқарув бўйича янги тизим йўлга қўйилиши мумкин
Жорий йилнинг 22 январь куни татаристонлик бир гуруҳ инвесторлар Тошкент шаҳрига ташриф буюриши кутилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакиллари билан бўладиган учрашув давомида Яккасарой тумани мисолида коммунал бошқарув бўйича янги тизимни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Отабек Насимов маълум қилди. Насимовнинг айтишича, туманнинг коммунал бошқаруви инвесторлар таклиф қилаётган янги тизим бўйича синаб кўрилади.

«Кўзланаётган шартнома лойиҳасига кўра, татаристонлик инвесторлар дастлаб намуна сифатида Яккасарой туманидаги Юнус Ражабий, Боғсарой маҳаллаларидаги 5та хусусий уй-жой мулкдорлар ширкатида иш бошлайди. Лойиҳа ўзини оқлаган тақдирда, кейинчалик тумандаги барча хусусий уй-жой мулкдорлар ширкатлари қамраб олинади», деди у.

Шу йилнинг 11 январь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш учун келганида Тошкент шаҳри туманлари ҳокимлари билан мулоқот қилганди. Мулоқот давомида Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан президентга Тошкентда режалаштирилаётган янги инвестициявий лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилганди.

Шаҳар ҳокими бугунги кунда пойтахтдаги энг катта ижтимоий муаммолар коммунал соҳада сақланиб қолаётганини қайд этганди.

«Биз бу муаммоларга хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда ечим топишимиз мумкин. Масалан, яқинда татаристонлик инвесторларнинг Тошкентга ташрифи пайтида бу масалани муҳокама қилдик.
Жумладан, Татаристон компанияси Яккасарой тумани аҳолисига коммунал хизматлар кўрсатиш масаласини тўла ўзига олган тизимни йўлга қўйиб бермоқчи.

Бу масалада кичик муаммо шундаки, туманнинг коммунал тўловлар
[ХУЖМШлар қарздорлиги назарда тутилмоқда - таҳр.] борасида 24 млрд сўм қарздорлиги бор. Агар шу масала ўз ечимини топадиган бўлса, бу келишув амалга ошиши мумкин», деганди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Ҳоким берган маълумотдан сўнг, президент Шавкат Мирзиёев томонидан бу борада эътибор қаратилиши керак бўлган муҳим жиҳатларга ҳам тўхталиб ўтилган.
«Агар сизлар таклиф қилаётган тизим ўз самарасини берса ва соҳага инвестиция киритаётган компания вакиллари коммунал тизим фаолиятини яхшиласа, уларга ишонч билдириш керак.

Лекин, бу тизимни аввало бир нечта жойда синовдан ўтказиб кўриш мақсадга мувофиқ. Қарздорлик масаласида инвесторлар нима таклиф қилади, бу масалани ҳам жиддий таҳлил қилиш керак
», деган президент Шавкат Мирзиёев.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коммунал бошқарув бўйича янги тизим йўлга қўйилиши мумкин