14:07 / 24.01.2020
5 070

Президент илк марта Ўзбекистондаги камбағаллик даражасини очиқлади

Президент илк марта Ўзбекистондаги камбағаллик даражасини очиқлади
Ўзбекистон тарихида илк маротаба камбағаллик олий даражадаги раҳбарият томонидан тан олинди. Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида мамлакатдаги камбағаллик даражаси 12-15 фоиз атрофида эканини маълум қилди.

«Ҳудудларда, айниқса қишлоқларда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбайига эга эмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Буни яшириб юришга ҳаққимиз йўқ. Энди очиқча айтишимиз керак. Ҳурматли депутатлар ҳам, сенаторлар ҳам шуни билиши керак.

Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби, бизда ҳам кам таъминланган аҳоли қатламлари мавжуд. Турли ҳисоб-китобларга кўра, улар тахминан 12-15 фоизни ташкил этади. Бу – кичкина рақамлар эмас. Гап 4-5 миллион аҳоли вакиллари ҳақида кетяпти. Бу – жуда катта рақам.

Агар етарли даромад манбайига эга бўлмаган мана шу 4-5 миллион аҳоли масаласига алоҳида эътибор бермасак, кўп нарсаларда кўзбўямачилик, баландпарвоз гаплар... 12-15 фоиз аҳолимиз етарли даромад манбайига эга эмас.

Ҳокимлар, вазирлар, ҳамма мутасаддилар билиши керак. Биз биринчи марта мана шу нарсани очиқ айтяпмиз. Камбағаллигимиз, яъни 12-15 фоиз аҳолимизнинг даромади ҳали анча паст
», – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбарига кўра, ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пулини тўлаш ёки улар миқдорини ошириш орқали камбағаллик муаммосини ҳал қилиш мумкин, деб ҳисоблаш – бир томонлама ёндашув бўлиб, муаммони тўла ечиш имконини бермайди.

«Камбағалликни камайтиришга аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга оширишимиз керак.

Шунинг учун, Жаҳон банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ривожланиш Дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар билан бирга Камбағалликни камайтириш дастурини биринчи марта ишлаб чиқишни таклиф қиламан.
Бунда халқаро меъёрлар асосида, чуқур ўрганишлар ўтказиб, «камбағаллик» тушунчаси, уни аниқлаш мезонлари ва баҳолаш услубларини қамраб олган янги методология яратиш лозим
», – деди Шавкат Мирзиёев.

Маълум қилинишича, охирги 2 йил ичида ижтимоий нафақа олувчилар сони 1,3 баробарга кўпайиб, нафақалар миқдори икки баробарга ошган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент илк марта Ўзбекистондаги камбағаллик даражасини очиқлади