16:20 / 03.02.2020
6 789

Билими билан Ўзбекистонни дунёга танитаётган ўзбек ўғлони

Билими билан Ўзбекистонни дунёга танитаётган ўзбек ўғлони
Халқ таълими вазирлиги билими билан Ватанимизни дунёга танитаётган ўзбек ўғлони ҳақида ёзди.

2003 йилнинг 12 май куни Бухоро вилояти, Пешку туманида ўқитувчи оиласида дунёга келган ўғлонга орзу-ҳавас билан Жаҳонгир деб исм қуйишди.

Жаҳонгир оилада тўнғич фарзанд бўлгани учун унга эътибор катта эди. У 2009 йил Пешку туманидаги 18-мактабнинг 1-синфида таҳсил ола бошлади. Болакайнинг математика фанига қизиқиши ва қобилиятини пайқаган оила аъзолари уйда унга атаб мўъжазгина кутубхона яратиб беришди.

Жаҳонгир 5-синфда ўқиётган пайтидан бошлаб, ҳар йили билимлар беллашуви, кейинчалик эса фан олимпиадасининг туман, вилоят ва Республика босқичларида 1-ўринни қўлга кирита бошлади. Билимдон ўқувчи муваффақиятлари эвазига фахрий ёрлиқ, диплом ва медаль билан тақдирланди.

Бундан ташқари, Жаҳонгир Норбоев Тайланд Қироллигининг Чангмей шаҳрида бўлиб ўтган “Халқаро математика мусобақа”сининг вилоят ва республика саралаш босқичларида 1-ўринга сазовор бўлди. Халқаро математика мусобақасида қатнашиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Жамоавий таркибда Ўзбекистон терма жамоасининг сардори сифатида 2-ўринни ўринни олганлиги учун диплом, терма жамоаси эса кубок билан тақдирланди.

2017 йилда Япония давлатининг “САКУРА” илмий тадқиқот дастури бўйича 10 кун Япония давлатида таълим олди. Иқтидорли ўқувчилар қаторида Ўзбекистон Республикаси Президенти делегацияси билан Туркманистон Республикасининг Даянч лагерига бориб келди. Оз муддатдан сўнг Болгария Республикасининг Бургас шаҳрида бўлиб ўтган халқаро математика мусобақасида 2-ўринни эгаллади ва кумуш медаль билан тақдирланди.

Жанубий Африка Республикасининг Дурбан шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро математика олимпиадасида 2-ўринни эгаллаб, кумуш медаль ва диплом билан тақдирланди.

Жорий йил ҳам Жаҳонгир учун омадли келди. Австралиянинг SEAMO математика олимпиадасида 18 та давлат ичида 1-ўринни эгаллаб, олтин медални қўлга киритди. Шу билан бирга, Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида ўтказилган Жаутиков номидаги олимпиадада кумуш медалга сазовор бўлди.

Иқтидорли ватандошимиз Жаҳонгир Норбоевга келгуси мусобақалардаги иштирокида омад ва зафарлар ёр бўлишини тилаб қоламиз!

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Билими билан Ўзбекистонни дунёга танитаётган ўзбек ўғлони