date
views 2 516

Комилов: Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида «катта муаммоли масалалар» қолмади

Комилов: Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида «катта муаммоли масалалар» қолмади
Фото: KEVIN LAMARQUE/POOL/AFP via Getty Images
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги кун тартибида «катта муаммоли масалалар» қолмади, томонлар иқтисодий, маданий ва гуманитар ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқчи. Бу ҳақда душанба куни АҚШ давлат котиби Майк Помпео билан бўлиб ўтган музокаралардан сўнг Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов маълум қилди.

«Мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар бўйича эълон қилинган янги стратегик шериклик даври мустаҳкам пойдеворга асосланади. Биринчидан, бу Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий, сиёсий ва бошқа ислоҳотлардир. Иккинчидан, ташқи сиёсатимизнинг аниқ белгилаб қўйилган устувор йўналишлари, улар орасидаги энг асосийси минтақавий сиёсат, қўшни давлатлар билан ўзаро ишонч ва ҳурматни шакллантиришдир, - деди Комилов. - Давлат котиби (Помпео - таҳ.) билан биз ўзаро сиёсий кун тартибида катта муаммоли масалалар йўқлиги ҳақидаги хулосага келдик. Сиёсий ҳамкорлик масалаларини ҳал қилар эканмиз, иқтисодий, савдо, сармоявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратишни истардик».

Ўзбекистон томони Америка бизнеси учун қулай шарт-шароитларни яратишга ва қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишни рағбатлантиришга тайёрлигини билдирди, дея қўшимча қилиб ўтди вазир.

ТИВ раҳбарининг сўзларига кўра, томонлар ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларидан бири сифатида халқаро майдонда қўшма ҳаракатларни мувофиқлаштиришни кўриб чиқмоқда. Шу билан бирга, Комиловнинг таъкидлашича, АҚШ Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлаяпти.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Комилов: Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида «катта муаммоли масалалар» қолмади