19:33 / 19.02.2020
2 536

Давлат амалдорларига хусусий ОАВ таъсис этиш тақиқланиши мумкин

Давлат амалдорларига хусусий ОАВ таъсис этиш тақиқланиши мумкин
Ўзбекистон ҳукумати аъзолари / Фото: Kun.uz
ОАВ тўғрисидаги қонун янгиланади. Унга асосан, ОАВга давлат мансабдорлари устидан парламентга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилиши ҳам мумкин.

Бугун, 19 февраль куни «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар беради Kun.uz нашри.

Қонуннинг янги таҳририда қуйидагича янгиликлар бўлиши мумкин:
- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбар ходимларига хусусий ОАВ таъсис этишни тақиқлаш;
- ОАВ чиқиш маълумотларига унинг таъсисчиси ва ҳомийлари тўғрисида ҳам маълумот жойлаштириш, бу орқали ОАВ фаолиятига амалдорларнинг таъсири бор-йўқлигига аниқлик киритиш;
- давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг Конституция, қонунлар, парламент қарорлари ва давлат дастурларини ижро этиш, шунингдек ўз зиммаларига юклатилган вазифа-функцияларни амалга ошириши бўйича ОАВнинг парламентга мурожаат этиш ҳуқуқини қонунийлаштириш,
- ОАВ эркинлигини бузганлик учун жавобгарлик белгилаш.

Шунингдек, амалдаги қонуннинг айрим тушунчаларига аниқлик киритиш, эскирган ва аҳамиятини йўқотган нормаларни таҳрирлаш ёки қонундан буткул чиқариб ташлаш таклиф этиляпти.

Бундан ташқари, ОАВ вакилларининг очиқ суд мажлисларида иштирок этиш ва судлар фаолияти тўғрисида эркин ахборот олиш тартибини ишлаб чиқиш ҳам таклиф этиляпти. Бу тартиб Олий суд Пленуми қарори билан тасдиқланиши мумкин.

Тадбирда Ахборот ва оммавий комманикациялар агентлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Тадбир ташкилотчиларига кўра, билдирилган фикрлар қонун лойиҳасини такомиллаштиришда инобатга олинади ва лойиҳа келгусида яна жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

Фото: АОКА
Эслатиб ўтамиз, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонун 1997 йил 26 декабрда қабул қилинган. Унга 2007 йил 16 январида ва 2002 йил 22 октябрида ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. 2007 йил 15 январда бу қонун янги таҳрирда тасдиқланган.
Янги таҳрирдаги «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси 2019 йил 16 октябрда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Давлат амалдорларига хусусий ОАВ таъсис этиш тақиқланиши мумкин