19:13 / 20.02.2020
3 368

Ўзбекистондаги қатор туманларда лимонзорлар барпо этилади

Ўзбекистондаги қатор туманларда лимонзорлар барпо этилади
Фото: Getty Images
Кооперацияларга бирлашган лимон етиштирувчи фермер ва деҳқон хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва тадбиркорлик субъектларига имтиёзлар татбиқ этилади.
“Лимончилик тармоғини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Ўзбекистон президентининг қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, “Лимон етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар” уюшмаси номи “Цитрус, субтропик ва тропик ўсимлик етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар” уюшмаси деб ўзгартирилди.

Тажриба тариқасида Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти ҳузурида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Цитрус, субтропик ва тропик ўсимликлар илмий-амалий маркази ташкил этилади.

Марказнинг асосий вазифалари жумладан, қуйидагилардан иборат бўлади:
- кооперация шартлари асосида цитрус, субтропик ва тропик ўсимликлар плантацияларини ташкил этиш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда маҳсулот етиштирувчиларга етказиш;
- сертификатланган ва кафолатланган лимон кўчатларини етиштириш бўйича махсус кўчатхоналарни ташкил этиш ҳамда лимон кўчатларини етиштирувчи хўжаликлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш;
- мавжуд иссиқхоналарни модернизация қилиш ҳамда серҳосил, экспортбоп лимон навлари коллекциясини ва кўргазмали лимон плантацияларини яратиш;
- цитрус, субтропик ва тропик ўсимликлар, экспорт ва импорт маҳсулотларини сертификатлаш;
- цитрус, субтропик ва тропик ўсимликлар, шунингдек, манзарали ўсимликлар, гуллар ва кўкаламзорлаштириш экинлари кўчатларини етказиб бериш;
- маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни минерал ўғитлар ва кимёвий моддалар билан таъминлаш.

Қарор билан 2020 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ишга тушадиган лимончилик йўналишидаги лойиҳаларнинг манзилли рўйхати ҳамда лимон етиштиришга ихтисослаштириладиган ҳудудлар рўйхати тасдиқланди.

Ҳужжатда белгиланишича, лимонзорлар пахта ва ғалладан бўшаган ҳамда фойдаланишга киритиладиган ер майдонларида ресурс тежовчи технологияларни қўллаган ҳолда барпо этилади; янги лимонзорлар “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида ажратиладиган, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан барпо этилади.

2020 йил 1 мартдан бошлаб кооперацияларга бирлашган лимон етиштирувчи фермер ва деҳқон хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва тадбиркорлик субъектларига:
- янги лимонзорларни барпо этиш ва кўчатларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг ҳар бир гектари учун 30 миллион сўмдан ошмайдиган миқдори Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан;

- лимон меваларининг экспорти билан боғлиқ транспорт (темир йўл ва авиация транспорти) харажатларининг 25 фоизигача бўлган миқдори Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан субсидия сифатида қоплаб берилади.

Кооперацияларга бирлашган лимон етиштирувчи фермер ва деҳқон хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва тадбиркорлик субъектларига Ўзбекистон президентининг 2019 йил 11 декабрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида ”ги қарорида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистондаги қатор туманларда лимонзорлар барпо этилади