15:27 / 29.02.2020
2 759

«Фарзанд туғилиши» электрон хизматини жорий этиш режалаштирилмоқда

«Фарзанд туғилиши» электрон хизматини жорий этиш режалаштирилмоқда
Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан ҳомиладор аёлларни электрон ҳисобга олиш ва "Фарзанд туғилиши" комплекс хизматини жорий этиш тўғрисидаги президент қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Электрон ҳукумат доирасида аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш ва узоқ давом этадиган, бир неча маротаба давлат муассасаларига мурожаат қилишни талаб қиладиган жараёнларини қисқартириш мақсадида "Фарзанд туғилиши" комплекс хизматини жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Ҳужжатга кўра, "Фарзанд туғилиши" давлат комплекс хизмати қуйидагиларни ўз ичига олади:
- боланинг туғилишини рўйхатга олиш ва туғилганлик ҳақида электрон гувоҳномани шакллантириш;
- боланинг электрон тиббий картасини яратиш;
- бола туғилганда бериладиган нафақани автоматик тайинлаш;
- давлат мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш учун навбатга қўйиш.

Лойиҳада ҳомиладор аёл ҳомиладорликнинг 12-ҳафтасига қадар паспорт маълумотлари, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома ва турмуш ўртоғининг паспорти (агар аёл никоҳда бўлса), шунингдек алоқа учун ўз маълумотларни тақдим этган ҳолда рўйхатдан ўтиши шарт эканлиги кўзда тутилган. Ҳомиладор аёл ва унинг турмуш ўртоғи тўғрисида маълумотларни шакллантириш, шунингдек никоҳ ҳақида маълумотни тасдиқлаш идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда ахборот тизимида амалга оширилади.

Фарзанд туғилганидан сўнг, Аҳоли реестрида, унинг ҳаёти давомида ўзгармайдиган шахсий идентификация рақами генерация қилинади ва болага бириктирилади. Автоматик тарзда шакллантириладиган боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасининг қоғоздаги нусхасини боланинг ота-онаси туғруқхонада, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки давлат хизматлари марказлари орқали олишлари мумкин бўлади.

Шунингдек, давлат хизматларини кўрсатишда туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси ва бола туғилганда бир марталик нафақа олиш учун бериладиган ФҲДЁ органининг маълумотномаси талаб этилиши бекор қилиши режалаштирилмоқда.

Бир марталик тўловни автоматик равишда тайинлаш, бола туғилган кундан бошлаб 6 ойдан кечиктирмай мурожаат қилиш шарти билан амалга оширилади.

Қайд этилишича, ушбу моделнинг жорий этилиши ҳудудлар кесимида зарур вакциналар харид қилишни, мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим муассасаларини қуришни тўғри режалаштиришга, марказий равишда болалар туғилиши ҳақидаги маълумотларни автоматик бошқариш имконини берувчи тизимли ёндашувни амалга оширишга замин яратади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Фарзанд туғилиши» электрон хизматини жорий этиш режалаштирилмоқда