10:29 / 03.03.2020
4 217

«Сўкканим рост, аммо ҳеч кимга қўл кўтармадим». Миришкор ҳокими интернетда тарқалган аудиога изоҳ берди

«Сўкканим рост, аммо ҳеч кимга қўл кўтармадим». Миришкор ҳокими интернетда тарқалган аудиога изоҳ берди
Фото: «Дарё»
Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабов «Дарё» мухбири Отабек Қўлдошев билан бўлган мулоқотда ижтимоий тармоқларда тарқалган овоз унга тегишли эканлигини тан олиб, мазкур қилмишини маҳалла раисининг беписанд муомаласи билан изоҳлади.

— Маҳалла раисларидан бири берилган топшириқни бажармагани етмагандек, бу ҳолатга изоҳ сўраганимда нописанд жавоб берди. Қолаверса, чарчоқ ҳолатида бўлганим учун ўзимни бошқаролмай сўкиб қўйибман, — дейди Бахтиёр Ражабов. — Мен солиқ тушумлари тўғридан-тўғри бюджетга тушишини, бизларнинг ойлигимиз ҳам шу пул ҳисобидан тўланишини тушунтирдим.

Бахтиёр Ражабовнинг айтишича, мазкур воқеа 28 февраль, жума куни, бўлиб ўтган йиғилиш сўнгида содир бўлган. Бу пайтда воқеа жойида туман солиқ инспекцияси раҳбари, молия бошлиғи бўлган. Йиғилиш эса бюджет тушумларига бағишланган.

Ўша кунги йиғилишда иштирок этган маҳалла раисларидан бирининг маълумот беришича, ҳоким йиғилишда 5-6 нафар маҳалла раисини урган. Ҳокимдан калтак еган маҳалла раислари орасида депутат ҳам бўлган.

Миришкор ҳокими «Дарё» мухбирининг аудиёзувда кимнидир ураётгани эшитилгани, кимга қўл кўтаргани ҳақидаги саволига жавоб берар экан, мазкур овоз монтаж қилиб қўшилганини айтмоқда.

— Йиғилишда сўкинганим рост, аммо ҳеч кимга қўл кўтармадим, — дейди ҳоким. — Кимгадир қўл кўтарилгани акс этган овоз монтаж қилиб қўшилган.

Шуҳрат Хўжаев, Миришкор туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари
Фото: «Дарё»

Миришкор туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Хўжаев ҳам воқеа содир бўлган пайт воқеа жойида бўлганини айтиб, ҳокимнинг маҳалла раисларига қўл кўтарганини рад этмоқда.

— Ўша куни воқеа жойида мен ҳам бор эдим, ҳоким ҳеч кимга қўл кўтармади, — дейди Шуҳрат Хўжаев. — Қолаверса, ҳокимнинг ҳақоратли сўзлари барчага эмас, бир кишига қаратилганди.

Миришкор ҳокими ва матбуот котиби ҳақоратли сўзлар айнан бир кишига қаратилганини айтса-да, унинг ким эканлигини эслолмади.
Исми очиқланса, унга босим ўтказилишидан қўрққан раиснинг маълумот беришича, 28 февралдаги йиғилиш ўша куни кечаси соат 8:00 дан 12 гача давом этган.

— Маҳалла раисларини туман ҳокимлигига кечки пайт соат 8:00 га чақиришганди, бордик. Йиғилиш фермерлардан тушаётган солиқ тушумлари ҳақида бўлиб, ММТП раислари ҳам иштирок этаётган экан, — дейди йиғилишда иштирок этган маҳалла раиси. — Фермерлар билан бўлган йиғилишни биз ҳам эшитиб ўтирдик. Йиғилиш кечаси 22:30 гача давом этди. Ҳоким йиғилишни тугатиб чиқиб кетди. Ҳаммаси жойида эди, фермерларни сўкмади. Йиғилиш тугагач, кетишга чоғландик, шунда Жамшид ва Жаҳонгир исмли масъуллар кетмай туришимизни, ҳоким биз билан ҳам солиқ тушумлари ҳақида гаплашишини айтди.

Шахси сир қолишини сўраган маҳалла раисининг қўшимча қилишича, ҳокимнинг чегарадан чиқишига вилоят почта бошлиғининг маҳалла раисларига қилган эътирози сабаб бўлган.

— Кечаси соат 11 да яна йиғилиш бошланди, йиғилишга кириб келган вилоят почта бошлиғи Ориф ака маҳалла раислари солиқ тушумларини бажармаётганини айтиб, эътироз билдирди, — дейди маҳалла раиси. — Шунда йиғилишга кириб келган катта (ҳоким назарда тутилмоқда. Таҳририят)нинг жаҳли чиқиб, ҳаммани сўкиб кетди. 5-6 та маҳалла раисларини урди ҳам. Аҳмад исмли раис қовурғаси синганини айтди.

Маҳалла раислари ҳақорат қилинган йиғилишда қатнашган вилоят почта бошлиғи Ориф Маҳмудов маҳалла раисларига ҳар ой 10 миллион сўмдан солиқ тушумларини топшириш мажбуриятини қўйган.

— Вилоят почтаси бошлиғи Ориф ака маҳалла раисларига ҳар ой 10 миллион сўмдан солиқ тушумини қиласизлар деб талаб қўйди, — дейди суҳбатдош раис.

Эслатиб ўтамиз, сал аввалроқ мазкур ҳолатга изоҳ берган вилоят ҳокимлиги «аудиода турли хил уятли сўзлар билан йиғилганларни «сийлаган» туман ҳокими эканлиги аниқ, буни инкор этиш фикридан йироқмиз. Бу борада ички тартибда чора кўриш билан чекланиш ҳам мумкин эди. Аммо қонуний равишда чора кўрилиши, «Нега оддий халқ хато қилса, жазо ёки жарима, ҳоким хато қилса, кечирим?» каби табақалаштирувчи гап-сўзлар келиб чиқмаслиги тарафдоримиз», деганди. Бош прокуратура эса мазкур ҳолат ўрганилаётгани ҳақида баёнот берганди.

Отабек Қўлдошев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Сўкканим рост, аммо ҳеч кимга қўл кўтармадим». Миришкор ҳокими интернетда тарқалган аудиога изоҳ берди