18:50 / 03.03.2020
4 942

«Авто 60 ой»дан жабрланганларга пуллари қачон қайтарилади?

«Авто 60 ой»дан жабрланганларга пуллари қачон қайтарилади?
Азиз Долихўжаев
2 март куни Интерпол миллий марказий бюросида ўтказилган матбуот анжуманида Тергов департаменти бўлим бошлиғи Азиз Долихўжаев «Avto oltmish oy» МЖЧ фаолияти бўйича қўшимча маълумотлар берди.

«Жиноят-процессуал кодекси талабларидан келиб чиқадиган бўлсак, дастлабки тергов муддати 3 ой этиб белгиланган. Ушбу муддат тегишли прокурор томонида 5 ойгача, Бош прокурор ва унинг ўринбосаларлари томонидан эса 7 ойгача узайтирилиши мумкин.

«Avto oltmish oy» МЧЖ мансабдорларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича дастлабки тергов учун белгиланган муддат 5 ойгача узайтирилган. 12 март куни ушбу муддат якунига етади. Лекин жабрланувчиларнинг ҳаммаси сўроқ қилинмагани, барча ҳолатларга ойдинлик киритилмагани сабабли тергов жараёни яна бирмунча вақт олади.

Сабаби жабрланувчиларнинг сони жуда кўп, улар республиканинг турли ҳудудларида яшайди. Жиноят иши бўйича Тергов департаменти ва унинг қуйи тизимдаги ходимларидан иборат тергов гуруҳи ташкил этилган бўлиб, ҳозирда республиканинг барча ҳудудларида тергов ҳаракатлари олиб бориляпти ва департамент томонидан жамланиб келинмоқда.

Ҳозиргача мазкур жиноят иши бўйича қарийб 17 минг нафар фуқаро сўроқ қилинди. Жабрланувчилар тўлиқ сўроқ қилиниб, зарар миқдори аниқлангандан кейингина тергов якунланади ва иш судга оширилади», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тергов департаменти бошлиғи ўринбосари – Жиноятларни тергов қилиш бошқармаси бошлиғи Ойбек Қулбековнинг қўшимча қилишича, айни пайтда тергов муддатини 7 ой, яъни 2020 йил 12 майга қадар узайтириш чораси кўрилмоқда.

«Қонун билан дастлабки тергов муддати 7 ойгача узайтириш мумкинлиги кўрсатилган. Ундан ортиқ узайтириш имконияти йўқ. Лекин бу жиноят ишини 7 ойгача чўзиб тергов қиламиз дегани эмас. Чунки жабрланувчиларни қизиқтираётган энг биринчи масала – «Avto oltmish oy» МЧЖга тўлов қилинган пулларни имкон қадар тезроқ қайтариб олиш. Шунинг учун бор имкониятларимизни ишга солганмиз.

Бизга боғлиқ бўлмаган битта омил шуки, айрим фуқароларимиз терговга келишдан бош тортишмоқда. Улар билан лозим бўлган тергов ҳаракатларини ўтказсак, жиноят иши бўйича қилиниши керак бўлган бошқа техник ишларни якунлаб олсак, қисқа муддатларда ушбу жиноят иши бўйича терговни якунлаб, қарор билан тегишли судлов органига оширамиз», дейди у.

Матбуот анжуманида Kun.uz мухбири тергов жараёнида ушбу жиноят иши доирасида жабрланган бошқа фуқаролар ҳам борлиги аниқланса, улар ҳам жиноят иши доирасида сўроқ қилиниш-қилинмаслиги билан қизиқди.

«Айни пайтда тергов ҳужжатларида қайд этилган 18 818 нафар фуқаро ҳақидаги рақамлар қаердан пайдо бўлган? Бу жамиятнинг тинтув ҳаракатлари давомида олиб қўйилган молиявий-хўжалик фаолиятига алоқадор ҳужжатлар, мижозлар билан тузилган шартномалар, фуқароларга тарқатилган флаерлар таҳлил қилиниши натижасида ушбу рақамлар келиб чиққан. Ҳозиргача салкам 17 минг фуқаро сўроқ қилинган. Бу ишга бутун республикадаги ички ишлар бўлимларининг тергов бўлинмалари жалб этилди.

Фурсатдан фойдаланиб, «Avto oltmish oy» МЧЖга пул топширган фуқароларга мурожаат қилмоқчиман. Улар ўзлари доимий ёки вақтинча яшайдиган ҳудуддаги ички ишлар органларининг тергов идораларига мурожаат қилишса, улар ҳам сўроқ қилиниб, тақдим қилган ҳужжатлари ва бошқа маълумотлари асосида жабрланувчи деб топилиши мумкин. Мазкур жараёнда аниқланадиган ҳолатлар жиноят ишига қўшилади», деди Ойбек Қулбеков.

Аввалроқ «Avto oltmish oy» МЧЖ раҳбари ва унинг шериклари ўзларининг жиноий фаолиятлари давомида бир қатор МЧЖларни ташкил қилгани, мазкур молиявий субъектлар устав жамғармасини мижозлар томонидан топширилган пул маблағлари эвазига шакллантирганликлари туфайли ушбу жамиятларга нисбатан ҳам жиноят ишлари қўзғатилгани ва ягона иш юритувга бирлаштирилгани очиқланган эди.

Жиноят иши бўйича гумонланувчилар эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақланмоқда, бир нафар гумонланувчига нисбатан «гаров» эҳтиёт чораси қўлланган.

«Avto oltmish oy» МЧЖ таъсисчиси ва бошқа мансабдорлари фуқароларга фоизсиз, пулини 5 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан автотранспорт олиб беришни ваъда қилиб, одамлардан транспорт воситаси турига қараб 2 млн сўмдан 10 млн сўмгача пул олгани, 19 мингга яқин мижоздан жами 57 миллиард сўмдан ортиқ пул йиғилгани маълум қилинган эди.

Тергов департаменти «Avto oltmish oy» МЖЧ раҳбари Жамшид Баҳодиров жиноий схемани бир ўзи ўйлаб топишга қодир эмаслигини таъкидлаган. Унинг жиноий шериклари бор ва айни вақтда уларнинг сонини аниқлаш давом этмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Авто 60 ой»дан жабрланганларга пуллари қачон қайтарилади?