
Инсон зотига яхши яшаш учун нима керак? Аввало, шароит! Яъни, газ, электр энергияси, йўл ва ичимлик сувидан муаммо бўлмаса қолган масалалар изига тушиб кетаверади. Бу каби долзарб масалаларни ижобий ҳал этиш Улуғнор тумани аҳолиси учун ҳам сув ва ҳаводек муҳим! Боиси, ушбу ҳудуд Андижон вилоятининг энг чекка туманларидан бири бўлиб, чўл устида барпо бўлган.
Табиийки, бундай ҳолат аҳоли турмуш даражасига таъсир этмай қолмайди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, тупроқда картошка етиштириш осонми ёки қумда? Ёз жазирамасида оёқни куйдиргувчи қум қатига кўчат экиб, боғ яратган, пахта экиб, ҳосил уйган, бунинг учун не бир машаққат бўлса барчасида ўз матонатини синовдан ўтказган улуғнорликлар аслида машаққатдан қўрқмайди. Шунинг учун ҳам чўл бағрида бўстон яратишга астойдил бел боғлаганлар.
Улуғнорликларнинг яхши яшаши учун қилинаётган меҳнатлари замирида аслида олиб борилаётган ислоҳотларнинг халқчиллиги ётибди. Айниқса, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш борасидаги ишлар ибратли. Рақамларни келтириб ўтишзерикарли бўлса-да, уларнинг ортида инсонларнинг заҳматли меҳнати яширинган. Бинорбарин, хайрли ишлар таҳлилига бир разм солиш ўринлидир. Хуллас, 2018-2019 йиллар давомида туманда “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида бир қанча ижобий ишлар амалга оширилди.
Жумладан, 664 та аҳоли уй-жойи қайта таъмирланди, 17,2 км. тупроқ йўлларни жорий таъмирлаш (шағаллаштириш), 3,8 км. тошли йўлларни капитал таъмирлаш (асфальтлаш), 182 та таянч ўрнатиш, 6 та трансформаторни янгисига алмаштириш, 12,4 км. электр узатиш тармоқларини қайтадан модернизация қилиш, 7,5 км. янги электр узатиш тармоғини қуриш, 15 км. мавжуд табиий газ тармоғини таъмирлаш, 160 та суюлтирилган маиший газ баллонини етказиб бериш, 11,1 км. ичимлик сув тармоғини тортиш, 6 та ижтимоий соҳа объектини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди.
— Фарғона водийсининг зилол сувидан қониб, бетакрор чаманзорларидан баҳра олган киши учун Улуғнордек ҳудудда яшаб, меҳнат қилишнинг ўзи бўлмайди, — дейди меҳнат фахрийси Абдуллажон Иброҳимов. — Бу аслида йўқдан бор қилиш, дегани бўлади. Айниқса, сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар кишини ҳайратга солади.
Биргина Шаҳристон МФЙдаги кўп қаватли уйларни таъмирлаш ишларида бутун вилоят аҳли иштирок этди. Халқ ҳашари билан бошланган ишлар халқ сайлига айланиб кетди. Сабаби, ташландиқ масканларга “жон кириб”, боғу бўстонга айланди. Бу ҳали ҳаммаси эмас, келгуси йиллар давомида бу ерда янги иш ўринлари яратилиб, дам олиш масканлари барпо этилади.
Ижтимоий тармоқлар оқрали бир кунда юзлаб мурожаатларни кузатаман. Улар орасида, айниқса, республикамиз пойтахти ва унга ёндош ҳудудлардаги муаммолар акс этган номаларни ўқиб, Андижон вилоятида олиб борилаётган яратувчанлик ишларига шукроналик билдиргим келади. Жумладан, Улуғнор туманида бўлган киши борки, чўлдан бўстон яратиш илмидан сабоқ олмоғи тайин.
Саминжон ҲУСАНОВ
Манба: Халқ сўзи «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар