19:19 / 06.03.2020
4 349

Президент Бош прокуратурага ҳокимлар фаолиятини қатъий назоратга олишни топширди

Президент Бош прокуратурага ҳокимлар фаолиятини қатъий назоратга олишни топширди
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев атроф-муҳитни асраш ва чиқиндиларни бошқариш тартибини такомиллаштириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси ҳамда 2019-2028 йилларда Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси ижроси қониқарсиз деб топилди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Хусусан, атроф-муҳитга салбий таъсирлар сақланиб қолмоқда. Атмосферага катта миқдорда ифлослантирувчи моддалар чиқарилмоқда. Фауна ва флорага хавф ортиб боряпти.

Маиший чиқинди ҳажми йилига 7 миллион тоннадан зиёд бўлиб, унинг атиги 19 фоизи қайта ишланмоқда. Бу борада хусусий сектор улуши паст. Санитар тозалаш хизматлари ҳамма маҳаллаларда ҳам мавжуд эмас. Қурилишлар ва саноат ривожи натижасида чиқиндилар ҳажми ортмоқда.

Йиғилишда аҳолига санитар хизмат кўрсатиш қамровини 2021 йилда 100 фоизга етказиш, 221 та чиқинди полигонини санитария-экология талабига мувофиқлаштириш зарурлиги белгиланди.

Қурилиш вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига жорий йилда Тошкент, Самарқанд ва Андижон вилоятларида, кейинчалик бошқа ҳудудларда ҳам қурилиш чиқиндиси полигонлари ҳамда чиқиндини қайта ишлаш лойиҳаларини ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини кенгайтириш, Қизил китобга киритилган ҳайвонларни овлаганлик учун жазони кучайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

Маълумки, Президентимиз фармонига мувофиқ, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий жорий қилинган эди. Лекин жойлардаги раҳбарларнинг эътиборсизлиги оқибатида айрим ҳолларда ўсимлик дунёсига зарар етказилди. Бош прокуратурага ушбу масала бўйича ҳокимлар фаолиятини қатъий назоратга олиб, жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш топширилди.

Ишлаб чиқариш жараёнида экологик нормаларга риоя этиш масалалари ҳам таҳлил қилинди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент Бош прокуратурага ҳокимлар фаолиятини қатъий назоратга олишни топширди