20:55 / 15.03.2020
6 883

Коронавирус тасдиқланган илк ўзбекистонлик ҳақида қўшимча маълумот берилди

Коронавирус тасдиқланган илк ўзбекистонлик ҳақида қўшимча маълумот берилди
Бемор истиқомат қилувчи кўп қаватли уй ва бемор хонадонида дезинфекция тадбирлари ўтказилди. Шу билан бирга, мазкур кўп қаватли уйда яшовчи 230 нафар фуқаро рўйхати шакллантирилиб, тиббий кузатувга олинди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги Ўзбекистонда қайд этилган коронавирус инфекцияси тўғрисида қўшимча маълумот берди.
«Жорий йилнинг 14 март куни Республика Вирусология илмий-тадқиқот институти клиникасига COVID-19 коронавирус инфекциясига гумон қилиниб 1 нафар бемор ётқизилган.

Бемор 2020 йилнинг 28 февралидан 11 март кунига қадар Франция давлатида саёҳатда бўлган. 11 март куни соат 6:00да Париж-Тошкент 252-рейси билан Тошкентга учиб келган. Тошкент халқаро аэропорти санитария-карантин пунктида термометрия ҳамда бирламчи тиббий текширувдан ўтказилган ва текширув давомида касаллик белгилари аниқланмаган. Асосий яшаш манзилига аниқлик киритилиб, уй шароитида 14 кунлик тиббий кузатувга олинган.

Жорий йилнинг 13 март куни бемор томоғида қичишиш, тана ҳарорати кўтарилиши ҳамда йўтал белгилари билан шифохонага ётқизилган.

Бемордан 14 март куни коронавирус инфекциясига лаборатория таҳлили учун Вирусология илмий-тадқиқот институти клиникасига намуна олинган ва 15 март куни соат 06:00да намуна жавобларига кўра коронавирус инфекцияси борлиги тасдиқланган.

Самолётда бемор билан 48 нафар йўловчи келган. Улардан 24 нафари транзит йўловчилар, 24 нафари Ўзбекистонда қолган. Уларнинг 4 нафари Франция, 1 нафари Италия ва 1 нафари Бразилия фуқароларидир.

Ўзбекистонда қолган 24 нафар кишининг асосий яшаш манзили бўйича рўйхатлари шакллантирилди. Уларни 14 кунлик карантин ўтказиши учун махсус тайёрланган муассасаларга жойлаштирилди. Шунингдек, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида 11 март куни фаолият олиб борган 69 нафар чегара қўшинлари, божхона, аэропорт ходимларининг рўйхати шакллантирилди ҳамда махсус муассасаларда 14 кунлик тиббий кузатувга олинди.

Беморнинг 10 нафар оила аъзолари тўлиқ текширувдан ўтказиш учун Вирусология илмий-тадқиқот институти клиникасига жойлаштирилди.

Бемор истиқомат қилувчи кўп қаватли уй ва бемор хонадонида дезинфекция тадбирлари ўтказилди. Шу билан бирга, мазкур кўп қаватли уйда яшовчи 230 нафар фуқаро рўйхати шакллантирилиб, тиббий кузатувга олинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг малакали мутахассислари томонидан эпидемияга қарши профилактик тадбирлар давом эттирилмоқда. Бу жараёнга барча куч ва воситалар жалб қилинган, олиб борилаётган чора-тадбирлар тўлиқ назоратга олинган», дейилади Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коронавирус тасдиқланган илк ўзбекистонлик ҳақида қўшимча маълумот берилди