16:36 / 22 марта 2020
1 418

Бош прокуратура карантин тартибини бузган фуқароларга оид ҳолатлар юзасидан баёнот берди

Бош прокуратура карантин тартибини бузган фуқароларга оид ҳолатлар юзасидан баёнот берди
Прокуратура органлари томонидан мамлакатда Covid-19 коронавируси инфекцияси кенг тарқалишини олдини олиш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, санитарияга оид қонун ҳужжатлари ва эпидемияга қарши курашиш қоидаларига риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатилган.

Мураккаб шароитда амалга оширилаётган кенг қамровли тушунтириш ишлари ва қўрилаётган чораларга қарамасдан, чет элдан қайтиб келган ва карантинга жойлаштирилган айрим фуқароларимиз томонидан амалдаги қонунларни қўпол равишда бузиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Ушбу ҳолатлар ҳақида Бош прокуратура томонидан маълумот берилди.

Жумладан, 2020 йил 16 март куни Жанубий Корея Республикасидан Россия Фередацияси орқали Самарқандга келган (Москава-Самарқанд авиарейси) фуқаро А. А. (1989 й.т.) коронавирус (Covid-19) касаллигига чалинганликда гумонланиб, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Бироқ, фуқаро А.А. эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиб, ўзбошимчалик шифохонадан қочиб кетган.

Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида у Сурхондарё вилоятининг Денов туманида ушланган.

Шунингдек,, 2020 йил 19 март куни Россия Федерациясининг Самара шаҳридан Ўзбекистон Республикасига темир йўли орқали келган фуқаро Э.Т. (1954 й.т.) коронавирус (Covid-19) касаллигига чалинганликда гумонланиб, Самарқанд вилоятидаги «Дўстлик» оромгоҳида карантинга жойлаштирилган. Шунга қарамай фуқаро Э.Т. эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиб, ўзбошимчалик карантин зонасидан қочиб кетганлиги аниқланган.

Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида фуқаро Э.Т. Тошкент вилояти, Паркент туманидаги яшаш уйида ушланган.

Бундан ташқари, 2020 йил 19 март куни Россия Федерациясидан «Москва-Тошкент» йўналиши бўйича темир йўли орқали Қорақалпоғистон Республикасига кириб келган фуқаро Ш. Р. (1990 й.т.) коронавирус (Covid-19) касаллигига чалинганликда гумонланиб, Нукус шаҳридаги Республика болалар санаториясига карантинга жойлаштирилган. Бирок, фуқаро Ш.Р. ҳам эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиб, ўзбошимчалик карантин зонасидан қочиб кетганлиги аниқланган.

Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида фуқаро Ш.Р. Бухоро вилояти, Шофиркон туманида ушланган.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан 21.03.2020 йилда Ўзбекситон Республикаси Жиноят Кодексининг 25,2571-моддаси (Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, юқорида қайд этилган фуқароларнинг барчаси процессуал тартибда ушланди.

Жиноят ишлари бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар!
Мамлакатимизда санитария-эпидемиологик осойишталикни сақлаш, яшаш муҳити хавфсизлиги ва инсон соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида санитарияга оид қонун ҳужжатлари ҳамда эпидемияга қарши курашиш қоидаларига қаътий риоя қилишингизни талаб қилинади.

Бу борада қонубузилиш ҳолатларга йул қўйган шахсларга нисбатан тегишли прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилади.

Бош прокуратура карантин ва чеклов тадбирларини бузиш, касаллик ўчоғига борганлик ҳамда беморлар билан мулоқотда бўлганлик ҳақидаги маълумотларни яширганлик учун жиноий жавобгарлик мавжудлигини яна бир бор эслатади!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)