11:53 / 04.04.2020
2 518

Шавкат Мирзиёев қўлни кўксига қўйиб саломлашиш урфини янада мустаҳкамлаш давр тақозоси эканини таъкидлади

Шавкат Мирзиёев қўлни кўксига қўйиб саломлашиш урфини янада мустаҳкамлаш давр тақозоси эканини таъкидлади
Президент Шавкат Мирзиёев 3 апрель, жума куни, коронавирус тарқалиши ва унинг оқибатларига қарши кураш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди.

«Коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун, энг аввало, ўзимиз масъулмиз», — деди Президент.

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, айрим давлатларда юқори гигиенага асосланган кундалик турмуш тарзи, миллий урф-одатлар бу касалликни енгишда жуда муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, аҳолиси зич, қўшнилари билан савдо алоқалари ўта ривожланган бўлишига қарамай, Япония вируснинг кенг тарқалашига йўл қўймади.

Мутахассислар «япон феномени»ни улардаги ўзига хос саломлашиш, шахсий масофани сақлаш, тез-тез кийим алмаштириш, юз-қўлни ювиш, тўла ювиниш, тўғри овқатланиш, фаол турмуш тарзи ва спорт каби 13 та қоида ва урф-одатлар сақланиб қолгани билан асосламоқдалар, деб ёзади Президент матбуот хизмати.

«Бу эса бизда ҳам азал-азалдан мавжуд — қўлини кўксига қўйиб саломлашиш, уйга меҳмон келганда қўлга сув қуйиш, жамоат жойларида масофани ушлаш, мева-сабзавотларни кўп истеъмол қилиш каби урфларимизни янада мустаҳкамлашни тақозо этади», — дея таъкидлади Президент Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, давлат раҳбари жамоат жойларида, маҳалла ва хонадонларда дезинфекция ишларини мунтазам давом эттириш лозимлигини уқтирди. Барча корхона ва ташкилотлар ҳар ҳафтада ўз ходимларини тизимли равишда тиббий кўрикдан ўтказиб туриши зарурлиги таъкидланди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев қўлни кўксига қўйиб саломлашиш урфини янада мустаҳкамлаш давр тақозоси эканини таъкидлади