20:33 / 08.04.2020
5 145

Тошкентда Самарқанддагидек сув тошқини, Қозоғистондаги бўрон бўлиши кутилаяптими?

Тошкентда Самарқанддагидек сув тошқини, Қозоғистондаги бўрон бўлиши кутилаяптими?
Тўхтамасдан ёғган баҳорнинг кучли ёмғири Самарқанд шаҳридаги кўчаларда сув тошқини келтириб чиқарган, сув ҳаттоки одамларнинг турар жойларига ҳам зарар етказган эди.
Ижтимоий тармоқларда Қозоғистоннинг айрим ҳудудларида қор ва бўрон кузатилгани, шамол уйларнинг томларини учириб кетгани акс этган видеолар ҳам тарқалмоқда.

Бугун Республикамизнинг бир қатор ҳудуларида ёғаётган ёмғир қорга айланди. Пойтахтимиз Тошкентда ҳам ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетди. Хўш, пойтахтимизда ҳам Самарқанд ва Қозоғистондаги ҳолатлар сцерийсига тайёрми? Kun.uz нашри мутасаддилардан изоҳ олди.

«Март ойининг катта қисми ва апрель ойининг бошида Ўзбекистонда иссиқ об-ҳаво кузатилди ва гўёки совуқлар ортда қолганга ўхшади. Бироқ синоптиклар баҳор кутилмаган сюрпризларни намоён қиладиган инжиқ фасл, деб бежиз огоҳлантиришмайди.

Шу ҳафтада бизни ана шундай об-ҳаво сюпризлари кутмоқда. 7 апрелт куни Волгабўйи ҳудудлари орқали Россиянинг Европа ҳудуди устида шаклланган нам ва совуқ ҳаво оқимлари Ўзбекистон ҳудудига кириб келди. Республикамиз ҳудуди бўйлаб вақти-вақти билан ёмғир ёғмоқда. 8 апрель куни айрим жойларда кучли ёмғир ёғиб, қорга айланди. Баъзи жойларда ёмғир 9 апрель куни эрталаб қорга айланиши мумкин. Шамолнинг тезлиги кучайиб, секундига 15–20 метргача, баъзи жойларда 23–28 метргача етиши мумкин.

8–9 апрель кунилари республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел келиши хавфи бор. 8 апрель куни ҳарорат пасайиб +10 даражадан +5 даражага тушди. 9–10 апрель кунлари кечаси 0...+5 даража илиқ, айрим жойларда –1 даража совуқ бўлади.

Ҳар доим баҳорда кузатилганидек бундай совуқ давр узоқ давом этмайди. 9 апрель кундузи ёғинчарлик тўхтайди. 10 апрелда эса бутун республика ҳудудида об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлади ва кундузги ҳарорат кўтарила бошлайди.

11 апрелда ҳарорат +17...+22 даражагача кўтарилади. Бундан кейин ҳам яна ёғингарчиликли даврлар бўлади, лекин уларда ҳарорат фони бундай паст бўлмайди
», — деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзгидрометерология» маркази ахборот хизмати ходими Малика Миржамолова.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзгидрометерология» марказининг махсус огоҳлантириш хатига асосан Тошкент шаҳрида 7–9 апрель кунлари вақти-вақти билан ёмғир, 8 апрель куни кучли ёғингарчилик бўлиши, шамолнинг тезлиги 23–28 метргача етиши, об-ҳаво совиб кетишини инобатга олиб, юзага келиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тезкор чоралар кўрилган.

Шаҳардаги барча туман ҳокимликлари ва коммунал хизмат кўрсатиш корхоналарига вазият бўйича тезкор хабарнома юборилган бўлиб, унда коммунал соҳа хизматларининг авария-тиклаш бўлинмалари навбатчилигини кучайтириш, махсус техника ва асбоб-анжомларни шай ҳолатга келтириш, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ва эҳтиёт қисмлар захирасини яратиш сўралган.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри ҳудудидаги каналлар, коллекторлар, ҳовлилар ва кўп қаватли уйлар атрофидаги ирригация ариқлари ҳамда трубомостлар, шоҳбекат ва чорраҳалар, пиёдалар ер ости йўллари атрофидаги ариқлар тозалиги, ёмғир сувларини тўсиб қолувчи чиқиндилардан холи экани яна бир марта кўздан кечирилди, йиғилиб қолган чиқиндилар тозаланиб, ирригация тармоқларининг сув ўтказиши яхшиланди.

Кучли шамол натижасида туманлар ҳудудида автомобиль йўллари атрофида ўрнатилган реклама баннерларининг ҳолати ўзгариши билан боғлиқ вазият юзага келганда зудлик билан уларни таъмирлаш ва тиклаш, шу билан бирга, кўп қаватли уйлар, бино ва иншоотларнинг қурилиши давом этаётган жойларида юқори вақатларга ўрнатилган қурилш мосламалари, кўтарма кранлар ва улардан фойдаланидаган қурувчиларнинг хафсизлигини таъминлаш чоралари кўрилди.

Шунингдек, автомобиль серқатнов йўллари ва кўп қаватли уйлар атрофидаги дарахтлар ва дарахт шоҳларининг синиб кетиши оқибатида юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Кучли шамол натижасида содир бўлган ҳодисалар бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 1055 қисқа рақамли телефони орқали маълумот берилишини сўраймиз.

Самарқанд шаҳри ҳамда Қозоғистоннинг айрим ҳудудларида рўй берган кўнгилсиз ҳолатлар пойтахтимизда ҳам кузатилмаслиги учун қўлимиздан келган барча чораларни кўрмоқдамиз», — деди Тошкент шаҳар ҳокимнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Фурқат Маҳмудхўжаев.

«Об-ҳавонинг кескин ўзгариши натижасида юзага келиши кутилаётган ҳолатлар — ҳароратнинг кескин пасайиб кетиши, кучли шамол кузатилишини инобатга олиб, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан ҳудудий уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаларга тегишли топшириқлар юборилган.

Вазирлик тасарруфидаги ташкилотларнинг мутахассислари юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш, оқибатларини бартараф этиш учун ваколатлари доирасида фаолият олиб боришади.

Ёмғир мавсумида йўлларни сув босмаслиги учун тегишли ирригация ва дренаж тизими бўлиши керак. Бу масала вазирлик фаолиятига кетмаса ҳам жойлардаги мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлар ташкил этилмоқда
», — деди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг матбуот котиби Алипаша Аҳмедов.

«Об-ҳаво инжиқликлари туфайли юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, оқибатларини бартараф этиш бўйича шахсий таркибнинг тайёргарлиги кучайтирилган.

Бу борада мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Шаҳар ва туман ҳокимликлари 7–9 апрель кунлари ҳудуддаги ҳолатлар юзасидан ҳар 3 соатда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бошқармаларига ахборот бериб туришибди.

Фуқароларимиз кучли шамол натижасида содир бўлган ҳодисалар бўйича 1050 қисқа рақамли телефони орқали қутқарув хизматига мурожаат қилишлари мумкин. Мутахассисларимиз зудлик билан ҳодиса рўй берган жойга етиб бориб ёрдам кўрсатишади
», — деди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мурод Содиқов.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда Самарқанддагидек сув тошқини, Қозоғистондаги бўрон бўлиши кутилаяптими?