23:08 / 14.04.2020
2 433

Кунлик озиқ-овқат захирамиз қанча? Бош прокуратура қатор маълумотларни очиқлади

Кунлик озиқ-овқат захирамиз қанча? Бош прокуратура қатор маълумотларни очиқлади
Карантин шароитида ижтимоий муҳим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарорлигини таъминлаш, уларга нисбатан ажиотаж талабнинг вужудга келишини олдини олиш энг муҳим вазифа ҳисобланади. Мамлакатимизда бу борада жиддий муаммо йўқ, албатта. Чунки, карантин эълон қилингани ҳамоно прокуратура, департамент ва солиқ идораларининг 2 604 нафар ходимлари республикадаги 215 та деҳқон бозори, 167 та савдо комплекси, дорихоналар, улгуржи савдо базалари ва товар хомашё биржаларига бириктирилиб, уларнинг ҳар бирига аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Айни пайтда республиканинг деҳқон бозорларида аҳолининг кунлик эҳтиёжни қоплаш учун 1,6 минг тонна картошка, 1,5 минг тонна пиёз, 1,7 минг тонна сабзи, 360 тонна карам, 1,26 млн. дона тухум, 1,7 минг тонна гуруч, 1,5 минг тонна ун, 481,9 тонна ўсимлик ёғи ва 466,9 тонна шакар захираси шакллантирилган.

Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, 13 апрель ҳолатига Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга жами 467 тонна, Тошкент шаҳар деҳқон бозорлари, савдо тармоқлари ҳамда сайёр савдо шаҳобчаларига 262,4 тонна импорт қилинган картошка етказиб берилган.

Карантин шароитида фуқароларимизнинг бозорларга бориш имконияти пасайганлиги сабабли ҳар бир маҳалла, овул ва аҳоли пунктларида кўчма савдо расталари ташкил этилиб, уларда маҳсулотларни ишлаб чиқарувчилар нархида ҳеч қандай устамаларсиз сотиш йўлга қўйилди.

Бу мақсадда барча мутасадди идоралар ва ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликда маҳаллалар дислокацияси белгилаб олиниб, аҳоли зич жойлашган ҳудудларда ҳафтада икки кун, нисбатан кам жойлашган ҳудудларда эса ҳафтада белгиланган бир кунда аҳоли учун савдо ярмаркалари ташкил этилмоқда.

Жумладан, 1-13 апрель кунлари ҳудудий прокуратура, департамент органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда 18 352 та ёки 13 апрель куни 2 228 та кўчма савдо ярмаркаси ташкил этилиб, аҳолига жами 20 709 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари арзон нархларда сотилди. Бундан ташқари Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва Дори-дармон корхонаси билан ҳамкорликда махсус жиҳозланган 131 та кўчма дорихона ташкил этилиб, карантин даврида 826 млн. сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмлари сотилиши таъминланди.

Ушбу савдо расталари ва кўчма дорихоналар тўлов терминаллари билан ҳам таъминланган. Яъни нақд пул орқали инфекцияни юқтириш хавфи ҳам минималлаштирилган.

Аҳоли учун барча зарур қулайлик ва шароитлар яратилаётган бир пайтда айрим мутасаддилар томонидан озиқ-овқат маҳсулотларининг захирасини шакллантириш ўрнига уларни талон-торож қилиш ёки нархларни сунъий ошиб кетишига йўл қўйиш ҳолатлари ҳам учраб турибдики, бундай шахсларга нисбатан кескин чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, Навоий шаҳридаги «Sahovat bozori» ва «Elga Xizmat» МЧЖ мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, 2019-2020 йил қиш-баҳор мавсумида аҳоли эҳтиёжи учун қишлоқ хўжалик маҳсулотлари захирасини яратиш мақсадида ажратилган пулларнинг 448,4 млн. сўмини турли йўллар билан нақдлаштириш орқали талон-торож қилган. Мазкур ҳолат юзасидан «Sahovat bozori» МЧЖ, «Elga Xizmat» МЧЖ мансабдор шахслари ҳамда «Q.О.» фермер хўжалиги раҳбарларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бундан ташқари бундай синовли кунларда мўмай даромад орттириш мақсадида айрим фуқаролар томонидан озиқ-овқат маҳсулотларининг ноқонуний савдосига ҳам қўл урилмоқда. Жумладан, Департаментнинг Хива шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тадбирида фуқаро Д.Салаев тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказмасдан, 4 тонна картошка маҳсулотини ҳар бир килограммини 5500 сўмдан сотган вақтида ушланиб, ундан 4 018 кг картошка маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинган. Айни пайтда ноқонуний савдога чиқарилган картошка маҳсулотлари чекка ҳудудларда ташкил этилган кўчма савдо ярмаркаларида аҳолига арзон нархларда сотилиши таъминланган.

Яна бир гап. CeoWorld Magazine нашри маълумотларига кўра, Ўзбекистон яшаш учун энг арзон топ-5 мамлакат қаторига киритилган. Швейцария дунёда яшаш учун энг қиммат давлатлар рейтингида биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Норвегия иккинчи, Исландия учинчи поғонада. Шунингдек, топ ўнликдан Япония, Дания, Багам ороллари, Люксембург, Исроил, Сингапур ва Жанубий Корея давлатлар жой олган. Айни маълумотларни келтиришдан мурод – ортиқча ваҳимага ўрин йўқ эканини яна бир карра таъкидламоқдир. Хотиржам бўлинг ва уйда қолиб, жорий этилган қоидаларига қатъий амал қилинг. Вассалом.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)