
Мамлакатимизда эълон қилинган карантин даврида ўрнатилган чекловларга мувофиқ айни пайтда барча фуқароларимизга уйдан чиқмаслик, фақатгина зарурат туғилгандагина кўчага чиқишга рухсат берилмоқда.
Бироқ тан олиб айтиш керак, карантин туфайли уйда ўтирган, айниқса, бозорлар ва савдо марказларидан анча олисда истиқомат қилаётган фуқароларнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш зарур.
Таъкидлаш лозим, Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси ва унинг шаҳар ва туман ҳудудий инспекциялари томонидан карантин шароитида аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жойларда карантин даврида аҳолига қулайлик яратиш, санитария ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда маҳалла марказларида кўчма савдо ярмаркалари ташкил этилмоқда.
Ромитан тумани “Шўробод” маҳалла фуқаролар йиғини туман марказидан анча олисда жойлашган. Бу ерда истиқомат қилиб келаётган 2 700 дан ортиқ аҳоли айни пайтда ўрнатилган чекловларга мувофиқ қишлоқ ҳудудидан четга чиқолмайди.

Шу боис, сектор раҳбари ва ишчи гуруҳи томонидан ушбу ҳудуд аҳолисини узлуксиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаб туриш мақсадида қишлоқ марказида турли озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган машиналар карвони ёрдамида тез-тез кўчма савдо ярмаркалари ташкил этилмоқда. Бу галги кўчма савдо ярмаркасида ҳам ун ва макарон, қандолатчилик маҳсулотлари, картошка, пиёз, сабзи, карам каби кундалик турмуш учун энг зарур маҳсулотларни аҳоли мамнуният билан харид қилишди.

Эътиборлиси, кўчма савдо ярмакасида ташкиллаштирилган бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва нархи ҳам аҳолини қониқтирди.
- Айни кунда коронавирус эпидемияси сабабли бутун жаҳонда катта ташвиш туғиляпти, - дейди Раҳмат Бўронов. – Барча маҳалламиз аҳолиси бугунги кунда мамлакатимизда эълон қилинган чекловларни тўғри тушунган ҳолда уйда ўтиришибди. Лекин битта нарсани айтиш керак, эълон қилинган карантиннинг дастлабки кунларида кўпчилигимизни ваҳима босганди.
Сабаби, қишлоғимиз аҳолиси озиқ-овқат маҳсулотларини асосан туман марказидаги деҳқон бозори ва савдо мажмуаларидан харид қилишардида. Ҳукуматимизга, вилоятимиз раҳбарлари ва 4-сектор ишчи гуруҳига раҳмат, ана шундай оғир вазиятда ҳам аҳолига енгиллик яратиш мақсадида кўчма савдо ярмаркаларини ташкил қилиб туришибди. Бундан аҳоли мамнун бўлиб, уйидан узоқлашмаган ҳолда бозорлигини қилиб олишяпти.

- Кўчма савдо ярмаркасини ташкиллаштирганларга катта раҳмат, - дейди Абера Ражабова. – Узоғимизни яқин қилишяпти. Мана бугун мен картошка маҳсулотини 4 800 сўмдан, пиёзни 2 800 сўмдан, шакар маҳсулотини 6 000 сўмдан, 5 литрли пахта ёғини 37 000 сўмдан ва 1 килограмм қора мол гўштини 40 000 сўмдан харид қилдим.
Ташкил этилаётган бундай кўчма савдо ярмаркаларининг яна бир эътиборли томони фуқароларнинг томорқадан унумли фойдаланишини таъминлаш мақсадида полиз экинларининг кўчатлари савдоси ҳам ташкил этилди. Унда маҳаллий деҳқончилик билан шуғулланувчи шахслар 648 хонадоннинг томарқасига етадиган ошқовоқ, помидор, бодринг, бақлажон ва бошқа турли полиз экинларининг кўчатларини етказиб бердилар.

Мазкур ярмарканинг яна бир аҳамиятли жиҳати унда ташкилотчилар қишлоқдаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини ҳам эътибордан четда қолдирмай, уларга бепул озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди.
Қувонарлиси, бундай кўчма савдо ярмаркалари олис қишлоқларда истиқомат қилаётган аҳолига қулайликлар яратиб, уларнинг мушкулини осон, узоғини яқин қилмоқда.
Бухоро вилояти
ДСБ Ахборот хизмати.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! ДСБ Ахборот хизмати.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар