
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев глобал инқироз ва пандемия шароитида мамлакат аҳолиси бандлиги масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида бутун Ўзбекистон халқини кириб келаётган Рамазон ойи билан табриклади.
«Мана, жонажон Ватанимизга Рамазони шариф кириб келмоқда.
Ушбу улуғ айём муносабати билан нуроний отахон ва онахонларимизни, қадрли ака-ука, опа-сингилларимизни, иймон-эътиқодли халқимизни чин қалбимдан муборакбод этаман.
Барчангизга тинчлик-омонлик, оилавий хотиржамлик, бахт-у саодат ёр бўлишини тилайман.
Бугунги ўткинчи қийинчиликларга қарамасдан, Рамазони шариф ҳар доимгидек хонадонларимизга, дилларимизга қувонч, юртимизга файз-барака бахш этади, бир-биримизга бўлган меҳр-оқибатимизни янада зиёда қилади, деб ишонаман.
Фурсатдан фойдаланиб, узоқ-яқин мамлакатлардаги мўмин-мусулмон биродарларимизни ҳам самимий табриклаб, уларга ўз номимдан, халқимиз номидан тинчлик ва фаровонлик тилайман.
Ҳаммамизга аёнки, Аллоҳ таолонинг марҳамати билан шаҳри Рамазонда эзгу ниятлар ижобат бўлади.
Мана шу муборак ойда барчамиз тутган рўзаларимиз, қилаётган дуои фотиҳаларимиз, хайрли амалларимиз шарофати билан барча мамлакатлар қатори эл-юртимизни ҳам ушбу офатдан тезроқ халос этишини Яратган Парвардигордан сўраб қоламиз», деди давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Рамазон ойи 24 апрелдан бошланади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар