08:02 / 28.04.2020
2 543

Уй шароитида карантинда сақлашга оид низом тасдиқланди

Уй шароитида карантинда сақлашга оид низом тасдиқланди
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан, коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни уй шароитида карантинга жойлаштириш ва сақлаш вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, коронавирус инфекцияси билан касалланган шахс аниқланганда санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари ҳамда ҳудудий ички ишлар органлари ходимлари томонидан дарҳол коронавирус инфекцияси аниқланган шахс билан мулоқотда бўлганларнинг рўйхати шакллантирилади.

Ички ишлар органлари Миллий гвардия органлари билан ҳамкорликда дарҳол мулоқотда бўлган шахсларнинг рўйхатида кўрсатилган шахсларни уй шароитида карантинга жойлаштирилиши ва сақланишини таъминлайди.

Мулоқотда бўлган шахслар 14 кун давомида ёки уларнинг соғлиғи ҳолатига кўра соғлиқни сақлаш органлари томонидан белгилаб берилган муддат давомида уй шароитида карантинга олинади.

Мулоқотда бўлган шахс уй шароитида карантинга олинганда у билан бир уйда яшовчи барча шахслар карантинга олинади.

Мазкур уйда яшовчи шахсларнинг бири ёки бир нечтаси карантинга олинган уйдан ташқарида бўлган тақдирда, улар дарҳол тез тиббий ёрдам хизматининг махсус автотранспорт воситасидан фойдаланган ҳолда ички ишлар ва Миллий гвардия органлари кузатуви остида яшаш жойига олиб келинади.

Уй шароитида карантинга олинган шахсларнинг карантин муддати давомида уйларни тарк этишлари қатъиян ман этилади. Уларга кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдам кўрсатиш (ҳомиладорлик, туғруқ, тана жароҳати, ОИВ/ОИТС, онкология ёрдам, нурланиш терапияси, гемодиализ ёрдамини кўрсатиш, жарроҳлик амалиёти зарур бўлганда, инсон ҳаётига хавф туғдираётган бошқа ҳолатлар) билан боғлиқ ҳоллар бундан мустасно.

Уй шароитида карантинга олинган шахслардан уй шароитида карантинга олинган кундан бошлаб бир кун ичида санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари ходимлари томонидан полимераза занжирли реакция (ПЗР) лаборатория тест синамаси олинади.

Уй шароитида карантинга олинган шахс билан бир уйда бўлган бошқа шахслар орасида коронавирус инфекцияси аниқланган тақдирда, қолган шахслар учун карантин муддати қайтадан бошланади.

Уй шароитида карантинга олинган шахслар карантин муддати давомида тиббиёт ходимлари томонидан ҳар куни 2 маҳал кўрикдан ўтказилади. Бунда биринчи кўрик соат 9:00 гача, иккинчи кўрик 16:00 гача амалга оширилиши лозим.

Уй шароитида карантинга олинган шахсларга биринчи навбатдаги ҳаётий эҳтиёжлари учун зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари, ниқоб ва тиббий буюмларини (дезинфекция воситалари ва бошқалар) етказиб бериш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва волонтёрлар гуруҳларини фаол жалб қилган ҳолда амалга оширилади. Бунда барча зарур маҳсулот ва воситалар карантинга олинган шахсларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Уй шароитида карантинга олинган шахсларнинг уйларидан чиқариладиган чиқиндилар уларнинг ўзлари томонидан уйнинг (кўп каватли уйларда хонадоннинг) кириш эшиклар ташқарисига чиқариб қўйилади.

Уйнинг (кўп қаватли уйларда хонадоннинг) кириш эшиклари ташқарисига чиқариб қўйилган чиқиндилар «Тоза ҳудуд» ва «Махсустранс» давлат унитар корхоналари томонидан белгиланган тартибда санитария қоидаларига риоя этган ҳолда йиғиб чиқилади ва олиб кетилади.

Уй шароитида карантинга олинган шахсларда карантин муддатида коронавирус инфекцияси аниқланмаса, уларни уй карантинидан чиқариш бўйича соғлиқни сақлаш органлари томонидан қарор қабул қилинади.

Поликлиника шифокори уй шароитида карантинга олинган шахс карантиндан чиқарилган кундан бошлаб 10 кун давомида унинг соғлиғи ҳолати ҳакида телефон орқали хабар олиб туриши лозим.

Уй шароитида карантинга олинган шахслар карантиндан чиқаётганда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси қонунчиликда белгиланган тартибда уларнинг яшаш жойидаги поликлиника томонидан берилади.

Эслатиб ўтамиз, 27 апрель куни коронавирус юқтирганликда гумон қилинганларни карантин мажмуасида сақлашга оид низом ҳам тасдиқланди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Уй шароитида карантинда сақлашга оид низом тасдиқланди