17:08 / 03.05.2020
2 790

Ўзбекистонда коронавирусдан тузалганлар сони 1300дан ошди

Ўзбекистонда коронавирусдан тузалганлар сони 1300дан ошди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бугун Бухоро, Хоразм ва Тошкентда коронавирусдан зарарланганларнинг навбатдаги гуруҳлари соғайгани ҳақида маълумот берди.
Хусусан, Бухоро вилоятида коронавирусга чалинган навбатдаги 7 нафар бемор тўлиқ соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Шифо топганларнинг барчаси Россиядан чартер рейс билан Бухорога олиб келинган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, шифохонага жойлаштирилган. Уларнинг барчаси эркак бўлиб, энг ёши каттаси 41 ёшда, энг ёши кичиги 16 ёш.
Бухоро вилояти бўйича шу пайтга қадар 325 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 332 нафарга етди.

Бугун шунингдек, Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасидан 14 нафар, Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан 7 нафар ҳамда Тошкент шаҳридаги 3-сонли туғруқ мажмуасидан 2 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар бутунлай соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасидан соғайганларнинг 8 нафари Истанбул – Тошкент йўналишида, 2 нафари Москва – Тошкент йўналишида юртимизга келишган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, мазкур клиникага ётқизилган. Қолган 4 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган.
Беморларнинг 4 нафари эркак, 10 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 49 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 14 ёшда.

Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан тузалганларнинг 6 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган. 1 нафари эса Қозоғистон Республикасидан келган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, мазкур клиникага ётқизилган. Беморларнинг 4 нафари эркак, 3 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 43 ёшда бўлса, энг кичиги 8 ёшда.

Тошкент шаҳридаги 3-сонли туғруқ мажмуасидан 2 ҳомиладор соғайиб чиққан бўлиб, 1 нафари 27 ёшда, яна 1 нафари 24 ёшда. Улар коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган. Айни пайтда уларнинг ҳомиласи ривожланмоқда.
Тошкент шаҳрида шу пайтга қадар 409 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 432 нафарга етди.

Хоразм вилоятида ҳам коронавирусга чалинган 7 нафар бемор тўлиқ соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Тузалганларнинг барчаси Россиядан чартер рейс билан Хоразмга олиб келинган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, шифохонага жойлаштирилган. Уларнинг барчаси эркак бўлиб, энг ёши каттаси 49 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 26 ёш.

Хоразм вилояти бўйича шу пайтга қадар 138 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 145 нафарга етди.
Бугун айни пайтга қадар 37 нафар бемор тузалиб, мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 1308 нафарга етди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда коронавирусдан тузалганлар сони 1300дан ошди