17:30 / 03.05.2020
3 866

Ижтимоий тармоқда Сардоба фалокатида «Ўзбекгидроэнерго» раҳбарини айблашди, ташкилот раддия берди

Ижтимоий тармоқда Сардоба фалокатида «Ўзбекгидроэнерго» раҳбарини айблашди, ташкилот раддия берди
Сардоба сув омбори қошида кичик ГЭС қурилиши, 21.04.2020 / Ўзбекгидроэнерго
1 май куни Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омборида техноген фалокат юз бериб, ўн минглаб аҳолининг турар жойлари ва қишлоқ хўжалиги далалари сув остида қолгани ижтимоий тармоқларда катта резонанс келтириб чиқарди.

Тўғри, биринчи навбатда халқимиз бирлашиб жабрдийдаларга ёрдам қўлини чўзишга шошилмоқда. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар ҳодиса айбдорларини қидиришга тушиб кетишган.

Бунда «Ўзгидроэнерго» АЖ раиси Абдуғани Сангинов ва унинг ўғли, 2018 йилдан буён «To‘palang HPD systems» МЧЖга директорлик қилиб келаётган Ислом Абдураҳмонов айниқса ҳужумлар остида қолмоқда.

Фейсбукдаги постлардан биридан скриншот
Сангинов ким ўзи?

Суратда ўртада сенатор Абдуғани Сангинов
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, «Ўзгидроэнерго» АЖ раиси Абдуғани Сангинов гидротехник инженер, азалдан гидроэнергия иншоотлари қуриш билан шуғулланиб келган.

Масалан, Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида 1982 йилда барпо этилиши бошланган «Тўпаланг» сув омборининг якуний босқичини қурган, «Тўпаланг» ГЭС модернизация қилинмоқда, ҳозир бу ерда «Зарчоб» кичик ГЭСлар каскади қурилмоқда. Шунингдек, Катта Фарғона каналининг Наманган вилояти Учқўрғон туманидан ўтган қисмида кичик ГЭСлар каскади, Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманида 5та микроГЭС, Жиззах вилояти Зомин туманидаги микроГЭС, Тошкент вилоятида Туябўғиз кичик ГЭСи ва бошқа бир қатор қурилишлар ҳам А.Сангинов раҳбарлиги остида олиб борилган.

«Сардобадаги сув омбор қурилишига «Ўзбекгидроэнерго»нинг алоқаси йўқ», дейишди биз билан суҳбатда «Ўзгидроэнерго» масъулларидан бири. Чунки акциядорлик жамияти президентнинг 2017 йил 18 май кунги ПҚ–2972-сонли қарори билан ташкил қилинган. Яъни, «Сардоба» сув омбори қурилиб, ишга туширилганидан бир кун ўтгач.

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ гидроэлектростанцияларда электр энергияси ишлаб чиқариш соҳасида ягона техник сиёсатни амалга ошириш билан шуғулланадиган давлат компанияси бўлди. Компания Ўзбекистонда янги ГЭСлар қуриш ва ишлаб турганларини модернизациялаш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширади. Бу ишларга тегишли компанияларни ёллайди.

Абдуғани Сангинов эса 2017 йил 24 май куни «Ўзбекгидроэнерго» АЖ раҳбарлигига тайинланган эди. Унгача Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қошидаги «Ўзсувэнерго» бирлашмасига раҳбарлик қилиб келган.

Англашиладики, А.Сангинов ГЭС қуриш бўйича республикадаги етук мутахассис ҳисобланади. Айтишларича, у бир пайтлар Сурхондарёда «ТЎПАЛАНГСУВГЭСҚУРИЛИШ» МЧЖ (ҳозирги «TO‘PALANG HPD HOLDING» МЧЖ) корхонасига асос солган. Ўзбекистон олий лигасида икки мавсум ўйнаган «Тўпаланг» футбол жамоасига асос солган.

2020 йил 21 апрель куни «Ўзгидроэнерго» АЖ «Сардоба» сув омбори қошида кичик ГЭС қурилиши эълон қилинди. ГЭС қурилиши пойдевори учун «TO‘PALANG HPD HOLDING» МЧЖ таркибидаги «Topalang HPD irrigation systems» УК иштирокида биринчи ғишт қўйилган эди.

«Сардоба» сув омбори қурилишида А.Сангиновга тегишли фирма ё ташкилотлар иштирок этганми? Иштирок этган. «Ўзбекгидроэнерго» АЖ матбуот хизматига кўра, ўша вақтда субпудратчи сифатида «Резаксой сув қурилиш» МЧЖ томонидан олиб борилган ишлар ўпирилиш содир бўлган ҳудудда бўлмаган.

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ матбуот хизмати ўз телеграм каналида ҳодиса юзадан интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган айбловларга нисбатан расмий муносабат билдирди.

«Сардоба» сув омбори тўғонининг ўпирилиши юзасидан, мамлакатимиз ҳамда хорижий ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ нуфузига қарши қаратилган нотўғри талқинлар, асоссиз ва юзаки ёндашувларга нисбатан қуйидаги расмий муносабатимизни маълум қиламиз:

Маълумки, «Сардоба» сув омбори 2010-2017 йиллар мобайнида барпо этилган. Ушбу қурилишда буюртмачи сифатида Сув хўжалиги вазирлиги (собиқ Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги), «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» унитар корхонаси бош пудратчи сифатида иштирок этган.

Бундан ташқари, ушбу объектда 10дан зиёд ёрдамчи пудратчи ташкилотлар (субподрядчик) қаторида «Резаксой сув қурилиш» МЧЖ (ҳозирги номи – «To‘palang Water Construction» МЧЖ) ҳам қурилиш жараёнларида ўзига ажратилган қисм бўйича қурилиш ишларини бажарган. Мазкур МЧЖ томонидан бажарилган ишлар тегишли тартибда қабул қилиб олинган.

«Сардоба» сув омборида содир бўлган фалокатнинг тегишли қисмида «To‘palang HPD Holding» МЧЖ томонидан қурилиш ишлари олиб борилмаганини ҳамда Абдураҳмонов Ислом Абдуғаниевич 2010-2017 йилларда «To‘palang HPD Holding» МЧЖ ҳамда унинг тегишли ширкат ташкилотларида умуман фаолият юритмаганини алоҳида таъкидлаймиз.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йилдаги 18 майдаги ПФ-5044 сонли Фармонига асосан «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ташкил этилган. Шуни айтиш жоизки, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ «Сардоба» сув омбори қурилишида масъул этиб белгиланмаган ва иштирок этмаган.

«Сардоба» сув омборининг эксплуатациясига оид фаолияти «Давсувхўжаликназорат» давлат инспекцияси томонидан назорат қилинади.
Юқоридагиларни инобатга олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган маълумотлар асоссиз эканлигини маълум қиламиз», – дейилади муносабатда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ижтимоий тармоқда Сардоба фалокатида «Ўзбекгидроэнерго» раҳбарини айблашди, ташкилот раддия берди