03:30 / 11.05.2020
10 613

Карантин давом этади. 11 майдан янгича тартиб амалда

Карантин давом этади. 11 майдан янгича тартиб амалда
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда карантин чоралари 25 майга қадар узайтирилгани тўғрисида хабарлар тарқалмоқда. Бундай хабарлар асоссиз - Республика махсус комиссияси карантин муддатини узайтириш бўйича қарор чиқармаган. Шу билан биргаликда, аҳолида карантин муддати бўйича тушунмовчилик юзага келган - карантин муддати расман узайтирилмагани учун кўпчиликда карантин 10 майда тугаши ҳақида тасаввур пайдо бўлган.

Қуйида Ўзбекистонда 15 март куни коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ илк ҳолат аниқлангач, жорий этилиши бошланган карантин чоралари хронологияси ва сўнгги эълон қилинган карантин чоралари келтирилади.

Ўзбекистонда 23 март кунидан қатъий карантин чоралари жорий этилганди. Ўшанда Республика махсус комиссияси қарорига кўра, тўй ўтказиш тақиқланган, умумий овқатланиш жойлари ёпилган, хорижга чиқиш тўхтатилган, муассасалар ходимлари масофадан туриб ишлашга ўтган, жамоат жойларида тиббий ниқобда юриш мажбурий бўлганди. Бу чоралар 20 апрелга қадар этиб белгиланганди.

Кўп ўтмай шаҳарлараро транспорт ҳаракати тўхтатилди, ўзини яккалаш тартиби жорий этилди, шахсий транспортда махсус рухсатномасиз ҳаракатланиш тақиқланди.

18 апрель куни эса махсус комиссия қарори билан 20 апрелгача киритилган чекловчи тадбирлари (карантин) ҳамда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши киритилган кучайтирилган тартиб 10 майига қадар узайтирилди.

Ўзбекистонда сўнгги ҳафталарда эпидемиологик вазият яхшилана бошлади, 21 апрелдан бошлаб кунлик касалланишлар сони тузалганлар сонидан кам бўлди.

29 апрель ва 5 май кунлари Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишларида коронавирус билан боғлиқ вазият ижобий томонга ўзгариб бориши билан карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш зарурлиги таъкидланди.

Шу тариқа, Ўзбекистонда карантин бўйича янги тизим жорий этиладиган бўлди. Унга кўра, Ўзбекистонда карантин чоралари юмшатиладиган ҳудудларни белгилаш аниқ мезонлар асосида баҳоланиб, туманлар ва шаҳарлар «қизил» (юқори хавфли), «сариқ» (ўрта хавфли) ва «яшил» (хавфсиз) ҳудудларга ажратилди.

Республика махсус комиссиясининг 6 майдаги йиғилиши баёнига мувофиқ, коронавирус тарқалиши ҳолатининг ҳудудлар кесимидаги таҳлилидан келиб чиқиб, 8 майдан вилоятлар учта тоифага ажратилди.

7 май куни президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудларни тоифага ажратишни туман ва шаҳарлар даражасида белгилаш таъкидланди.

Шу муносабат билан, Республика махсус комиссиясининг 8 майдаги йиғилиши баёнига мувофиқ, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалиш ҳолатининг ҳудудлар кесимидаги таҳлили, касаллик аниқланган беморларнинг даволаниш (соғайиш) динамикаси ҳолатидан келиб чиққан ҳолда мамлакат ҳудудлари 11 майдан эътиборан туман ва шаҳарлар даражасида тоифаларга ажратилади.

Бунда:
- «сариқ» ва «қизил» тоифадаги вилоятларда коронавирус инфекцияси умуман аниқланмаган туманлар (шаҳарлар) «яшил» тоифага киритилади;
- «яшил» ёки «сариқ» тоифадаги вилоятнинг бирор-бир туманида (шаҳрида) коронавирус инфекцияси аниқланадиган бўлса, бутун вилоятнинг тоифасини ўзгартирмаган ҳолда тегишли туманнинг (шаҳарнинг) ўзи «қизил» тоифага ўтказилади.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги коронавирус инфекциясининг тарқалиш ҳолатининг ҳар бир туман (шаҳар) кесимидаги таҳлили, касаллик аниқланган беморларнинг даволаниш (соғайиш) динамикаси ҳолатидан келиб чиққан ҳолда, туман (шаҳар)ларнинг тоифасини ўзгартириш юзасидан доимий равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига таклиф киритиб боради.

Туман ва шаҳарларда уларнинг тоифасидан келиб чиққан ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри учун амалга оширилиши назарда тутилган фаолият турларига рухсат берилади.

Муайян туман (шаҳар) «қизил» тоифага ўтказилганда, тегишли ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар) тоифасидан қатъи назар ушбу туман (шаҳар)да «қизил» тоифа учун назарда тутилган барча карантин чекловлари тўлиқ жорий этилади.

«Яшил» ва «сариқ» тоифадаги ҳудудларда савдо мажмуалари фаолиятига ижтимоий масофани сақлаган ҳолда рухсат берилади, бунда ушбу мажмуаларнинг аттракцион, кўнгилочар, овқатланиш бўлинмалари, кинотеатр ва ўйин майдончалари фаолиятига рухсат берилмайди.

Йўналишсиз таксиларда йўловчи ташишга ҳамда сартарошхона (гўзаллик салонлари) фаолият юритишига фақатгина Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри кесимида «яшил» ва «сариқ» тоифадаги ҳудудлардагина рухсат берилади.

Агарда муайян ҳудуд «қизил» тоифага кириб, унинг таркибидаги туман (шаҳар)лар «сариқ» ва «яшил» тоифаларга кирган тақдирда, ушбу туман (шаҳарлар)да йўналишсиз таксиларга йўловчи ташишга ҳамда сартарошхона (гўзаллик салонлари) фаолият юритишига йўл қўйилмайди.

Туман (шаҳар)ларни тегишли тоифаларга ажратган ҳолда босқичма-босқич бекор қилишда қуйидаги талаблар сақлаб қолинади:
  • ижтимоий масофа (2 метр)ни сақлаш, 3 кишидан ортиқ йиғилмаслик, фуқароларнинг тиббий ниқобдан ҳамда антисептик воситалардан фойдаланиши;
  • таълим ташкилотлари (боғча, мактаб, лицей, коллеж, техникум, институт, университет ва бошқалар), ўқув курслари фаолиятини йўлга қўймаслик;
  • кўнгилочар объектлар – тунги клублар, дискотека, ресторан, кафе, ошхона, чойхона, спа ва массаж салонлар, караоке, билярд заллари, чилим (калян) ва компьютер ўйинлари марказлари фаолиятига йўл қўймаслик;
  • барча турдаги оммавий тадбирлар – концерт, театр, кинотеатр, музей, спорт тадбирлари, оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни (дафн маросимлари 10-15 кишидан кўп бўлмаган ҳоллар бундан мустасно) ўтказмаслик;
  • жамоат транспорти ҳаракатига рухсат бермаслик;
  • деҳқон бозорлари ва озиқ-овқат савдо нуқталари (супермаркет ва бошқа йирик дўконлар) кириш-чиқиш жойларини пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлаш ҳамда ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37 даража ва ундан юқори бўлган ҳолатда, ушбу мажмуаларга киритмаслик чораларини кўриш;
  • барча ташкилотлар кириш-чиқиш жойларини пирометрлар ва антисептик воситалар билан таъминлаш ҳамда ходимлар томонидан ижтимоий масофа (2 метр)ни сақлаган ҳолда фаолият юритишини таъминлаш учун биринчи раҳбарлар шахсан масъуллиги;
  • қурилиш-таъмирлаш ишларида объектларнинг ҳудуди тўлиқ карантинга олиниши ва ҳудудий санитария-эпидемиология осойишталик марказлари билан биргаликда объектларда санитария-гигиена тадбирларининг амалга оширилиб борилиши. Бунда, ушбу ташкилотларнинг фаолият олиб бориш даврида санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилиши, ўз фаолиятини фақатгина тегишли объект ҳудуди доирасида ташкил этиши.

«Қизил» тоифага кирувчи ҳудудларда карантин чекловлари талабларини бажармаслик, шунингдек «яшил» ва «сариқ» тоифага кирувчи ҳудудларда рухсат берилган фаолият турларини ўрнатилган махсус талабларга риоя этмаган ҳолда амалга ошириш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.

Хулоса шуки, айрим ҳудудлар учун қатъий карантин чоралари тугади, айрим ҳудудлар учун қатъий карантин чоралари амал қилиши давом этади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Карантин давом этади. 11 майдан янгича тартиб амалда