13:05 / 13.05.2020
9 008

Тошкентда даҳшатли жиноят — жабрланувчининг жасади бўлакланиб, ҳовлига кўмиб юборилган

Тошкентда даҳшатли жиноят — жабрланувчининг жасади бўлакланиб, ҳовлига кўмиб юборилган
Иллюстратив фото
Тошкентда даҳшатли жиноят фош этилди. Бир ҳафта аввал ўғирлаб кетилган фуқаронинг жасади бўлакланиб, ҳовлига кўмиб ташлангани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Унга кўра, роппа-роса бир ҳафта бурун (7 май, 2020 йил) пойтахтнинг Учтепа туманида истиқомат қилувчи ўттиз бир ёшли Р. Р. «Lacetti» русумли автомашинасида уйидан чиқиб, бедарак йўқолгани бўйича Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ЖКнинг (Жиноят кодекси) 137-моддаси (Одам ўғирлаш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилганди.

Ўтказилган тезкор-тергов ҳаракатлар давомида аниқланишича, Юнусобод туманида яшовчи Ж.Арипбаев (1990 йилда туғилган, муқаддам судланган, айни пайтда ишсиз) Р. Р.дан сотиб олиш шарти билан ижарага автомашина олган. Ўзаро муносабатлар жараёнида Р. Р.нинг ўзига тўқ инсонлардан эканини билган Ж. Арипбаев унинг пул маблағларини босқинчилик йўли билан қўлга киритишни режалайди. Шу мақсадда у М.Маҳкамов (1991 й.т., судланмаган, ишсиз) ва С.Абдулҳакимова (1991 й.т.) билан тил бириктиради.

Аввалига ижтимоий тармоқ орқали Р.Р. билан аёл киши сифатида танишиб, виртуал мулоқот киришишади. Томонлар шу тариқа бир-бирини «синашгач», шу йилнинг 7 май куни С.Абдулҳакимова Р.Р.ни уйига таклиф қилади. Айтилган манзилда эса Р.Р.ни «кутиб олган» уччовлон аввалига уни уриб-дўппослаб, қўл ва оёқларини арқон билан боғлашади. Сўнг ёнида бўлган 400 АҚШ доллари ва 1.000.000 сўм миқдоридаги пул маблағларини қўлга киритади.

Бу билан қанотланмаган жиноий гуруҳ Р.Р.ни қийнаб, пул талаб қилишда давом этади. Айни жараёнда унинг уяли телефонида Телеграм месенджери орқали (Р.Р.нинг номидан унинг) ота-онаси билан СМС хабарлар алмашиб, уларга бир дўстининг уйидан 29.000 АҚШ долларини олиб, фалон манзилга етказиб беришни айтади. Ва шу тариқа улар 29.000 АҚШ долларини қўлга киритишади.

Шундан сўнг содир этган жиноятларини яшириш мақсадида Ж. Арипбаев 8 майга ўтар кечаси Р.Р. миниб келган «Lacetti» русумли автомашинаси юкхонасига ўзини мажбуран жойлаб, икки кун аввал ижарага олган Яшнобод туманидаги ҳовлига олиб боради ва шу ерда уни уриб, умрига зомин бўлади. Сўнг ёлланма ишчилар ёрдамида мазкур ховлида чуқур қаздириб, марҳумнинг мурдасини бўлакларга ажратиб, кўмиб юборади...

Тўпланган ҳужжатларга кўра, Ж.Арипбаевнинг ҳаракатларида қасддан одам ўлдириш жиноят таркиби мавжудлигини ҳисобга олиб, жиноят иши Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ЖКнинг 137-моддаси (Одам ўғрилаш )1-қисмидан ЖКнинг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «и» банди ва 164-моддаси (Босқинчилик) 3-қисми «г» бандига қайта малакаланганди.

Ж. Арипбаев айни пайтда қўлга олинган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда даҳшатли жиноят — жабрланувчининг жасади бўлакланиб, ҳовлига кўмиб юборилган