11:23 / 02.06.2020
2 257

Тошкентда «Япония рақамли университети» ташкил этилади

Тошкентда «Япония рақамли университети» ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети (ЎзДЖТУ) ва Япониянинг “Digital Knowledge” (Дижитал Ноулиж) акциядорлик жамиятининг Тошкент шаҳрида “Япония рақамли университети”ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Университетнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича юқори турувчи ташкилот Университетнинг “Васийлик кенгаши” бўлиб, Университетга қабул параметрлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет “Васийлик кенгаши” томонидан тасдиқланиши белгилаб қўйилади.

Қуйидагилар Университет фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланади:
  • республика иқтисодиёти ва саноат тармоғини ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш;
  • мутахассислар ҳамда илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини таълим ва илм-фаннинг узвийлиги ҳамда узлуксизлиги, шунингдек жаҳон таълим ҳамжамиятига интеграция қилиш ҳисобига ривожлантириш;
  • кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга йўналтирилган янги таълим дастурлари ҳамда ўқитишнинг масофавий шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
  • педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда ўқитишнинг замонавий услубларини такомиллаштириш;
  • таълим ва илм-фан соҳаларида хорижий мамлакатларнинг, хусусан Япониянинг етакчи олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда бизнес ҳамжамиятлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.

Белгилаб қўйилсинки:
  • Университет Япониянинг “Digital knowledge” (Дижитал Ноулиж) акциядорлик жамияти муассислигидаги алоҳида мулк ва мустақил балансга эга бўлган юридик шахс мақомидаги устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлмаган нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади;
  • Университет кадрларга бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда асосий бакалавриат таълим йўналишлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш ишларини амалга оширади;
  • Университетда ўқитиш тўлов-контракт асосида Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини ҳисобга олган ҳолда Университет ва ЎзДЖТУ томонидан ишлаб чиқилган ҳамда тасдиқланган ўқув режалари ва дастурлари бўйича япон ва инглиз тилларида кундузги ва масофавий таълим шаклларида амалга оширилади;
  • талабаликка қабул қилиш ва Университет битирувчиларининг аттестацияси Университет томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан келишилган ҳолда белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;
  • “Икки томонлама диплом” (double degree) дастурлари асосида ўқишларини муваффақиятли тамомлаган Университет битирувчиларига Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети томонидан “Компьютер лингвистикаси” йўналишида давлат намунасидаги дипломи ҳамда Япония ва Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган Япониянинг Отемае университети, Токио онлайн университети ва бошқа университетларидан бирининг тегишли йўналишлари бўйича белгиланган намунадаги дипломлари берилади;
  • Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси ва Япония қонунчилигига риоя қилган ҳолда хорижий мамлакатларда иш ўринлари таклиф этади;
  • Муассис ўқув жараёнига илғор педагогик ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини, фан ва техниканинг энг янги ютуқларини жорий этиш, Университет мутахассисларининг малакасини ошириш ва профессор-ўқитувчилари таркибини қайта тайёрлаш, кутубхона фондини замонавий ўқув, ўқув-методик ҳамда илмий-техник адабиётлар билан тўлдиришга кўмаклашиши ҳамда Университетнинг ўқув-услубий фаолиятини самарали ташкил этиши маълумот учун қабул қилинади;
  • Университет фаолияти Ўзбекистон Республикаси ва Япониянинг амалдаги қонунчилиги, икки давлат ўртасида имзоланган халқаро шартномалар, шунингдек Муассис билан ЎзДЖТУ ўртасида имзоланган шартнома асосида амалга оширилади;
  • Университет ЎзДЖТУнинг Тошкент шаҳри, Учтепа тумани, Г-9А мавзеси, Кичик ҳалқа Йўли кўчаси, 21-а- уй манзилидаги биносига ижара тўлови асосида жойлаштирилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда «Япония рақамли университети» ташкил этилади