
Жорий йилнинг 5 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодекси лойиҳаси юзасидан муҳокама бўлиб ўтди.
Маълумки, Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 апрелдаги Ф–5464-сон фармойиши билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси асосида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Бугунги кунда кодекснинг дастлабки лойиҳаси юзасидан қўшимча фикр ва мулоҳазалар олиш мақсадида мамлакатимизнинг вазирлик ва идораларига, ҳуқуқий соҳадаги олий таълим, илмий-тадқиқот муассасаларига, адвокатлар ва нотариуслар палаталарига юборилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий судида ташкил этилган тадбирда Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судялари, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти мутахассислари иштирокида Фуқаролик кодексига таклиф қилинаётган ўзгартиришлар муҳокама қилинди.
Муҳокама жараёнида, айниқса, қуйидаги масалалар бўйича ўзгартиришлар қизғин мунозараларга сабаб бўлди:
- жисмоний ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ лаёқати пайдо бўлиши ва бекор бўлиши асослари;
- тижорат ташкилоти бўлган юридик шахслар ташкилий-ҳуқуқий шаклларининг аниқ рўйхатини белгилаб қўйиш, хўжалик юритиш ҳуқуқига асосланган унитар корхона, оператив бошқарув ҳуқуқига асосланган давлат унитар корхонаси каби ташкилий-ҳуқуқий шакллардан воз кечиш;
- маънавий зиённи ҳисоблаш мезонларини аниқ белгилаш;
- мажбурий тартибда шартнома тузишни назарда тутувчи, шартнома шартларини тарафларга белгилаб берувчи нормаларни чиқариб ташлаш, стандарт шартноманинг ҳалоллик ва ишонч тамойилларига зид равишда бошқа тарафнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини бузадиган шартларини ҳақиқий эмаслигини белгилаш;
- даъво муддатларига оид нормаларга киритилган ўзгартиришлар.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш ишлари давом этмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар