
Жиноят тафсилотлари билан боғлиқ мақолалар тайёрланаётганида жиноятчининг оиласи, фарзандлари, яқинлари ҳақида ўйлаб қоласан киши. “Уларда не айб?” Шу боис мақоламиз “қаҳрамони” исм ва фамилясини шартли равишда ўзгартирамиз. Жавлонбек Чўпонов муқаддам бир эмас, икки эмас тўрт(!) марта судланган. Аммо, йиқилган курашга тўймаганидек, у жиноятчилик кўчасида санғишни хуш кўради. Ўзига судланган деган тамғани ёпиштириб юришдан уялмайдиганлар тоифасидан.
2016 йилда Бухоро тумани Шергирон МФЙ Деҳмиёна қишлоғида пайдо бўлган, ўзини газ идораси назоратчиси ,деб таништирган Ж. Чўпонов шу қишлоқда яшовчи Т.Қобиловлар хонадонига кириб келди. Башарасига жиддий тус бериб ўзини назоратчи деб таништираркан томоқ қириб қўйиб гап қотди.
— Ўҳўў, қарзларингиз кўпку,— газ ҳисоблагичнинг кўрсаткичларига қараб...
— Энди, ака ўзингиздан қолар гап йўқ. Рўзғооор,деганларидек...
— Ёрдам беришииим мукин...,—ҳожатбарордек ўзини кўрсатишга уринди сохта назоратчи.
— Майли ака,нима десангиз.
— 100 АҚШ доллари ва 1 миллион сўм берасиз. Ўзим олиб бориб тўлаб, компьютерга киритиб... ишни беш қилиб келаман.
Шу учрашувдан сўнг маълум миқдордаги пулни туман газ идорасига топширган Жавлонбек Чўпонов Т.Қобиловнинг 896 минг сўм пулини ўзиники қилиб ими-жимида кўздан ғойиб бўлди.
Орадан уч йил ўтиб Ж.Чўпонов яна Деҳмиёнада пайдо бўлди. Ўша таниш манзил. Соддадил инсонлар. Бу гал ҳам газ ҳисоблагични кўриб ваҳимага тушди.
—Хўп десангиз ўз хоҳишингиз билан газни тармоқда узишга розиман деб ёзиб беринг. Мен далолатнома қиламан. Буни устига счётчигингиз қиёловдан ҳам ўтказилмаган экан. Ҳаммасини жамлаб 100 ВҚШ доллари берсангиз бўлади,— деди кўзларини олазарак қилиб.
—Бўпти овора бўлиб юрмаймиз. Сизга раҳмат ишимизни битириб берганингиз учун,— миннатдорчилик билдирди хонадон соҳиби.
Аммо, эски бўлсада мос нақлни ишлатайлик: “бузоқнинг югургани сомонхонагача” бўлди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан сири фош бўлган “назоратчи” йигит қонун олдида жавоб берди. Суд ҳукмига кўра иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Энди гап Ж.Чўпоновнинг жиноят кўчасида тентирашига якун ясаладими, ёки йўқми? Буни вақт кўрсатади.
Ғулом Бешимов,
МИБ Бухоро туман бўлими бошлиғи
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! МИБ Бухоро туман бўлими бошлиғи
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар