12:20 / 12.06.2020
2 191

«Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни афзал». Жээнбеков Қирғизистон ва Ўзбекистон муносабатлари ҳақида гапирди

«Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни афзал». Жээнбеков Қирғизистон ва Ўзбекистон муносабатлари ҳақида гапирди
Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати
Қирғизистон яқин қўшнилари, жумладан Ўзбекистон билан савдо-сотиқ ва иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор. Бу ҳақда ушбу мамлакат президенти Сооронбай Жээнбеков 11 июнь куни Ўш вилоятининг Аравон туманига ташрифи чоғида маълум қилди.

Жээнбековнинг қўшимча қилишича, ЕОИИ мамлакатлари билан бир қаторда, Қирғизистон ўзининг яқин қўшнилари, жумладан қардош Ўзбекистон билан савдони ривожлантириш ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдордир.

«Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни афзал, деган гап бор. Қирғиз ва ўзбек халқи асрлар давомида ёнма-ён, дўстона муносабатда бўлиб келган. Ота-боболаримиз икки халқнинг бирлигини сақлаб, бир-бирига яқин бўлган. Икки мамлакат бир-бирига нафақат географик жиҳатдан яқин, бизда тарих ҳам, дин ҳам, тил ҳам битта, ўхшаш урф-одатлар бор», - дея таъкидлаб ўтди Сооронбай Жээнбеков.

Президент сўнгги йилларда Қирғизистон ва Ўзбекистон нафақат савдо-иқтисодий, балки маданий-гуманитар алоқаларни ҳам фаол ривожлантираётганини таъкидлади.

«Шавкат Мирзиёев президентликка келиши билан Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик мустаҳкамланди. Биз яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни сақлашга интиламиз, барча муаммоларни ҳал қиламиз, бунинг учун сабр ва вақт керак. Фарзандларимиз ҳамда мамлакатимиз келажаги учун қўшни давлатлар билан дўстликни мустаҳкамлаш сиёсатини давом эттирамиз», - деди у.

Эслатиб ўтамиз, 31 май куни Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида жойлашган Чашма булоғи олдида икки мамлакат фуқаролари ўртасида зиддият келиб чиқди.

Қирғизистоннинг Боткен вилоятига туташ, Фарғона вилояти таркибидаги Сўх туманида жойлашган Чашма қишлоғида сув учун катта жанжал рўй берган. Икки қишлоқ аҳолиси булоқ ўзига тегишли эканини даъво қила бошлаган.

Қирғизистон бош вазирнинг биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов 1 июнь куни Боткен вилоятига ташриф буюрди. У Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов билан учрашув ўтказди ва у билан икки мамлакатнинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида рўй берган можарони муҳокама қилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни афзал». Жээнбеков Қирғизистон ва Ўзбекистон муносабатлари ҳақида гапирди