
Тошкентда Сенатнинг 5-ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўқитувчиларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашиш ёки унинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш билан боғлиқ қўшимча киритилмоқда.
Унга кўра, ўқитувчининг ўқувчилар билимини баҳолашига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки бошқа ҳолларда унинг ишига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кўзда тутилмоқда. Яъни фуқароларга базавий ҳисоблашнинг 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 15 бараваригача жарима белгиланмоқда.
Ялпи мажлисда Сенат раиси Танзила Норбоева тарбиянинг аҳамият ҳақида гапирди.
«Авлонийнинг «Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир», деган сўзлари аҳамияти бугун ошган бўлса ошганки, асло пасайган эмас. Барчамиз – онамиз, отамиз ва ўз фарзандларимиз таълим-тарбияси учун масъулмиз. Лекин тан олиб айтишимиз керак, бугунги ўқувчи ҳам, ота-оналар ҳам кечаги эмас.
Қўпол эшитилгани билан аслида теран ахлоқий маънога эга бўлган «Эти сизники, суяги бизники» деган гапларга, афсуски, эскилик сарқити сифатида қаралмоқда. Мактабларда эркак ўқитувчиларнинг камайиб кетгани ҳам катта муаммо, аслида. Фарзандининг арзимаган шикояти учун мактабга югуриб келиб ўқитувчига «ташланиш»дан кўпчилик ота-оналар уялмай қўйди. Бу эса жамиятда ўқитувчи мақомининг обрўсизланишига олиб келмоқда.
Ҳурматли ота-оналарга мурожаат қилмоқчиман: фарзандим ҳаётда ўз ўрнини топишда қийналмасин, мустақил фикрли, мулоҳазали инсон бўлиб вояга етсин десангиз болангиз қалбида ўқитувчига эҳтиром ҳиссини тарбияланг ва ўзингиз ҳам устозларни эъзозланг. Ўқитувчи ўқувчи ёки унинг ота-онаси томонидан оёқости қилинадиган одам эмас, балки зиё тарқатувчи инсон, керак бўлса ҳаммадан бир поғона юқори турувчи шахсдир. Албатта, қонунда жавобгарлик белгилаб қўйиш билан бу каби муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Бу ижтимоий онг даражасига етиши, умуммиллий ҳаракатга айланиши керак», - дея Танзила Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz нашри. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар