15:13 / 21.06.2020
6 192

Ниқобсиз аёлнинг хурмача қилиғи

Ниқобсиз аёлнинг хурмача қилиғи
Ҳозирги пайтда айрим фуқаролар коронавирус хавфига қарши кўрилаётган чора-тадбирларнинг аҳамиятини тушунишни истамай, карантин қоидаларини бузишмоқда. Бу касалликнинг мамлакатимизда кенг тарқалиши хавфини туғдиради. Шу боис санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун қонунчилигимизда қатъий жавобгарлик белгиланган.

27 ёшли фуқаро Парвина Пўлатова шуни билиб туриб, қоидага амал қилмаган эди, оқибатда жазога тортилди.

П.Пўлатова 2020 йил 2 апрель куни Яккасарой туманида ҳозирги пандемия давридаги санитария ва гигиена қоидаларига риоя этмасдан, яъни юзига тиббий ниқоб тақмасдан кетаётганида ҳудуд профилактика инспектори уни тўхтатади ва танбеҳ бериб, юзига ниқоб тақиб олиши кераклигини айтади. П.Пўлатова эса инспекторнинг қонуний талабини бажармасдан, уни ҳақорат қилиб қочиб кетади.

Шундан сўнг инспектор унинг ҳуқуқбузарлигини расмийлаштириш, қонунда белгиланган чораларни кўриш учун ички ишлар идорасига олиб келиш чораларини кўради. Мазкур жараёнда П.Пўлатова ўзини босиб олиш ўрнига инспекторга қаршилик кўрсатиб, енгил жароҳат етказади. Ҳатто хизмат кийими ва алоқа воситасини шикастлайди. Идорага келганида ҳам жанжални давом эттириб, ҳуқуқ­бузарликни расмийлаштиришга халақит бериб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилади.

Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судида кўриб чиқилиб, айбланувчига нисбатан ҳукм ўқилди. Унга кўра П.Пўлатовага бир йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Расул Матхаликов,
Бош прокуратура бошқарма
АМИБ терговчиси

Манба: Huquq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ниқобсиз аёлнинг хурмача қилиғи