17:41 / 28.06.2020
5 056

Россия империяси Марказий Осиёда. Бухоро амирлиги Россия протекторатига айланганига 152 йил тўлди

Россия империяси Марказий Осиёда. Бухоро амирлиги Россия протекторатига айланганига 152 йил тўлди
Фото: Wikipedia
1868 йил 28 июнь куни Бухоро амирлиги Россия протекторатига айланди. «Дарё» сана муносабати билан Россия империясининг Бухоро амирлигига юриши ҳақидаги мақолани ҳавола этади.

Босқин сабаблари
Россия ва Бухоро амирлиги ўртасида савдо алоқалари XIX аср ўрталарига келиб бир оз жонланди. Шу даврда инглизлар ҳам Марказий Осиё давлатларига, жумладан, Бухоро амирлиги бозорларига киришни мақсад қилган эди. Бухоро амирлиги Россия учун ҳам, инглизлар учун муҳим стратегик ҳудуд эди. Россия Бухоро амирлигини империя таркибига қўшиб олиш орқали ўз жанубий чегараларида хавфсизликни таъминлаш ва шу орқали Ҳиндистонга яқинлашиш истагида эди.

Британия эса Бухорода иложи борича ўз позицияларини мустаҳкамлаб, Бухоро билан муҳим бўлган русларга қарши иттифоқ тузиш мақсадида эди. Бунинг учун ҳатто бир неча марта элчилар, жосуслар юборилади. Бухорога инглизларнинг эътибори Россия томонидан Сирдарё бўйларининг эгалланиши ортидан кучайди. Ҳатто европаликлар руслар томонидан эгалланган ҳудудларнинг Туркистон дея номланишидан норози ҳам бўлди. Сабаби, Туркистон бутун Марказий Осиё ҳудудларига нисбатан ҳам ишлатиладиган ном эди.

Бу билан русларнинг келажак мақсадларини англаган инглизлар бунга қарши ноталар йўллади. Тошкентнинг руслар тарафидан эгалланиши инглизларни хушёр торттирди ва Бухорога кетма-кет элчилар йўллай бошлади ва амир Музаффарни русларга қарши чиқишга даъват этишди. Бухоро амирлигининг Россия учун аҳамияти шунда эдики, Европада ўтмай қолган Россия товарларига бозор жуда зарур эди. Умуман олганда, Марказий Осиё давлатларининг эгалланишидан асосий мақсад ҳам ресурслар ва бозорга эга бўлиш эди.

Инглизларнинг ҳаракатларидан ташвишга тушган руслар гўёки империя жанубий чегараларининг хавфсизлиги нуқтаи назаридан амирликка қарши юришга тайёрлана бошлади. Бу пайтда Тошкентда бўлган Черняев оз сонли қўшин билан Бухоро устига юришга жазм қилмади. «Инвалид» рус газетасининг хабарига кўра, у Бухорога ўзининг агентларини европаликларнинг ўйинларини бузиш ва амирга Россия фойдасига ишлайдиган таклифлар билан юборди. Аммо русларга қарши бўлган, ўзини ислом ва туркийлар мустақиллигининг ҳимоячиси ҳисоблаган Амир Музаффариддин элчиларни тинглашни истамади ва уларни зиндонга ташлашга буйруқ берди. Бу хабарни эшитган Черняев Сирдарёни кесиб ўтишга қарор қилди.

Юриш
1865 йил Қўқон хонлигига тегишли Тошкент руслар томонидан эгалланди. Тошкентни қайтариб олишга келаётган Бухоро амири йўлдан қайтишга мажбур бўлди, аммо Тошкентнинг руслар қўлида қолишига рози бўлмади. Юқорида бўлиб ўтган воқелардан кейин 1866 йил 30 январь куни Черняев 14 та пиёда отрядлари, олтита козак гуруҳлари, 16 та тўп билан Сирдарёни кесиб ўтиб, Бухорога қараб юрди. Аммо Самарқандга 25 миля қолганда саҳрода қолиб кетди ва ортга қайтишга мажбур бўлди.

Фото: Wikipedia
Ушбу муваффақиятсизлик бухороликларни руҳлантирди ва амир Музаффар руслардан Тошкентни бўшатиб қўйишни сўради. Рад жавоби олингач, шу йили май ойида 40 минг кишилик қўшин билан Сирдарё бўйига етиб келди. Икки ўртада Эржар дарасида жанг бўлиб ўтди. Жангда Бухоро қўшини руслар артиллерияси қаршисида ожиз қолди ва жанг майдонини ташлаб қочишга мажбур бўлди. Бу руслар ва Бухоро амири қўшинлари ўртасидаги илк тўқнашув эди. Ушбу ғалабадан кейин руслар тўғри Самарқанд ва Бухорога қараб юришлари мумкин эди. Аммо бунинг ортидан келиб чиқадиган ката қаршиликка қарши тура оладиган даражада эмаслиги сабабидан Черняев ўз вақтини кутишга қарор қилди. 21 май куни эса Хўжанд шаҳри эгалланди.

Бухоро амири рус офицерларини озод қилган бўлса-да, мағлубиятга учраган бўлса-да, тушкунликка тушмади ва жасурлигини йўқотмади. Русларни ҳар доимгидек душман сифатида кўришда давом этди. Руслар эса қандай қилиб бўлмасин Бухорони бўйсундиришга бел боғлади. 1866 йил 2-октябр куни Ўратепа қалъаси эгалланди. Ўратепа қўлдан кетгач, Бухоро амирлиги қўлида Сирдарё бўйида фақатгина Жиззах қолди. (Андреевский Е.К. Из записок за сорок семь лет «Исторический вестник», т. СХХХ, с. 37.).

Жиззах ҳам шу йилнинг 18-октябр куни руслар томонидан эгалланди. Шаҳарни мудофаа қилган 11 минг бухороликлардан олти минг киши ҳалок бўлди. Руслардан эса 98 киши ўлдирилган. 11 та байроқ ва 43 та тўп руслар томонидан ўлжа сифатида эгалланган (Керсновский А. А. История русской армии Т. 2. — М.: Голос, 1993.— с. 336).

Шундай қилиб, Бухоро амири Сирдарё бўйидаги муҳим истеҳкомларидан маҳрум бўлди ва руслар учун Самарқандга йўл очилди. 1868 йилнинг баҳорида Кауфман Бухоро амирига тинчлик сулҳи таклиф қилди. Аммо амир бу таклифни қабул қилмади ва русларга қарши ғазот эълон қилди. Катта қўшин тўплаш мақсадида Хива, Қўқон, Қошғар, Афғонистон, Усмонли ва ҳатто инглизларга ҳам ёрдам сўраб элчиларини юборди. Самарқанд яқинида 60 минг кишилик қўшин тўпланди. Шунингдек, Жиззах яқинида ҳам бухороликлар бўлинмалари тўпланди. Уҳум яқинида Бухоро қўшини майор Гриппенберг бўлинмасига зарба берди, аммо катта йўқотиш билан чекинишга мажбур бўлди.

Фото: Wikipedia
1868 йилнинг май ойининг биринчи кунида Чўпонота тепалигида Бухоро амири ҳамда Кауфман кучлари ўртасида жанг бўлиб ўтди. Ушбу жангда Кауфманнинг қўли баланд келди ва Бухоро амири чекинишга мажбур бўлди. 2 май куни рус қўшинлари Самарқанд шаҳрига кириб борди. Кауфман Абрамов ва Головчевнинг икки отряди билан амир қўшинларини таъқиб этишда давом этди. 12 май куни Абрамов бўлинмаси Ургутни эгаллади. Ургутни ҳимоя қилган 6 минг кишилик Ҳусайн бек одамлари қаршилиги синдирилди. 18 май куни Головчев отрядлари Каттақўрғон бўсағасида жанглар қилди. 27 май куни Абрамов Қоратепа яқинида Ҳожибейнинг 15 минг кишилик корпусини мағлуб этди. Икки кундан кейин эса Каттақўрғон остонасида Усмонбейнинг корпуси тор-мор этилди.

Зирабулоқ жанги
Июнь ойи бошида Бухоро амирининг 30 мингга яқин кишилик қўшини Зирабулоқ тепалигида жойлашиб олди. Уларга қарши икки минглик рус пиёда ва отлиқ аскарлари кураш олиб борди. Жанг 2 июнь куни эрта тонгда бошланди. Бухоролик пиёда аскарлар тепалик этагида, тўплар эса тепалик устида жойлашган эди. Биринчи зарбани руслар берди. Рус пиёдалари ҳужумга ўтаркан, ортидан снарядлар ёғдирилди, натижада, бухороликлар катта йўқотишларга учради. Рус артиллерияси ҳужумига бардош бера олмаган бухороликлар чекина бошлади. Уларнинг ортидан казак бирликлари етиб бориб қиличдан ўтказа бошлади.

Аммо бухороликлар яна ўзларини тиклаб олди ва қарши ҳужумга ўтди. Аксига олиб ушбу қарши ҳужум тартибсиз равишда амалга оширилди. 280 кишилик рус отрайди ўраб олинганига қарамасдан, етиб келган ёрдам туфайли руслар ҳужумни яна қайтарди. Айнан шу жангда иштирок этган рассом Н.Н. Каразин жанг давомида қиличини синдириб қўйди. Кейинчалик, Кауфман уни жангдаги қаҳрамонликлари учун «Мардлик учун» Георгий лентаси билан тақдирлади.

Рус артиллериясининг тинимсиз ўқ ёғдириши натижасида амир қўшинлари тор-мор этилди. Аскарлар ўлди. Амир эса 200 нафар содиқ навкари ва бир неча минг кишилик отрядлари билан Бухорога чекинишга мажбур бўлди. Бу пайтда эса Самарқандда русларга қарши қўзғалон юз берди. Шаҳрисабз ва Китоб беги Бобобек 40 минг кишилик қўшин билан Самарқандни қамал қилди. Бу хабарни эшитган Кауфман Самарқандни қўлдан чиқаришни истамади ва Самарқандга қайтишга мажбур бўлди. Самарқанд қўзғалони бостирилди ва жазо сифатида шаҳарга ўт қўйилди.

Фото: Wikipedia

Бухоро-Россия тинчлик шартномаси
Зирабулоқдаги мағлубиятдан сўнг амир Музаффар русларнинг оғир шартлар асосидаги сулҳ шартномасини имзолашдан бошқа чора тополмади. 1868 йилнинг 28 июнь куни мазкур шартнома имзоланди. Шартнома Туркистон генерал-губернатори Константин фон Кауфман ҳамда Бухоро элчиси Мусабек томонларидан имзоланди. Шартномага кўра, Жиззах, Ўратепа ва Хўжанд шаҳарлари Россия империяси таркибига киргани белгиланди ва бундан буён бу шаҳарлар Россия шаҳарлари сифатида юритила бошлади.

Амир 125 минг тилло танга (500 минг рубль) миқдорида контрибуция тўлаш мажбуриятини олди. Шунингдек, россиялик савдогарлар амирлик ҳудудида эркин савдо қилиш ҳуқуқини ва мусулмон савдогарлар билан бир хил савдо божларини тўлаш имкониятини қўлга киритди. Россия товарларига 2,5 фоиз миқдорида бож белгиланди. Россия фуқароларининг амирлик ҳудудида эркин ҳаракатланишлари кафолатланди. Самарқанд ва Каттқўрғон шаҳарлари Россияга вақтинчалик берилди.

Аммо ушбу шартнома Александр II тарафидан ратификация қилинмади. 1873 йилда Тошкентда Кауфман, Шаҳрисабзда амир Музаффариддин томонидан имзоланган Шаҳрисабз шартномасига мувофиқ Бухоро расман Россия протекторатига айланди. Амалда эса 1868 йилдан Бухоро амирлиги Россия протекторати бўлиб келаётган эди. Шунингдек, шартномага мувофиқ Самарқанд ва Каттқўрғон шаҳарлари бундан буён Россия империясининг «ажралмас» қисми сифатида эътироф этилди.

Шундай қилиб, бир пайтлар Сибир хонларини тайинлаган Бухоро Россия вассалига айланди ва бу 1917 йилги февраль инқилобигача давом этди. Бухоро яна 1917 йилдан бошлаб яна уч йил мустақил давлат сифатида мавжуд бўлди. Кейин эса… Яхшиси буни кейинроқ ўқиймиз…

Жаҳонгир Остонов тайёрлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Россия империяси Марказий Осиёда. Бухоро амирлиги Россия протекторатига айланганига 152 йил тўлди