00:09 / 07.07.2020
2 748

Шавкат Мирзиёев банкларни хусусийлаштириш ва трансформация қилиш масаласида йиғилиш ўтказди

Шавкат Мирзиёев банкларни хусусийлаштириш ва трансформация қилиш масаласида йиғилиш ўтказди
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 6 июль, душанба куни банк активларида хусусий сектор улушини 15 фоиздан 60 фоизга оширишга қаратилган 2020—2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясини амалга ошириш ҳамда мамлакат тижорат банкларининг трансформация жараёнини жадаллаштириш бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда ушбу мақсадга эришиш учун қатор муҳим масалаларни ҳал қилиш лозимлиги таъкидланди. Биринчи навбатда банклар трансформацияси жараёнини фаоллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Ҳозирда 6 та тижорат банки — «Ипотекабанк», «Саноатқурилишбанк», «Туронбанк», «Асакабанк», «Алоқабанк» ва «Агробанк» молиявий диагностика, истиқболли стратегияларни ишлаб чиқиш ва хусусийлаштириш масалалари бўйича халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни бошлаган. «Бироқ бошқа банкларни трансформация қилиш ишлари етарли даражада фаол олиб борилмаяпти», — деди давлат раҳбари.

Бу камчиликни бартараф этиш учун банклар фаолиятига хос бўлмаган функцияларни хатловдан ўтказиш, Марказий банк ҳузуридаги Қайта тайёрлаш корпоратив марказида аввало жойлардаги банк ходимлари учун банклар трансформациясини тушунтириш бўйича ўқув дастурларини ташкил этиш топширилди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Йиғилишда банкларнинг кредит портфели ва лойиҳалар сифатини ошириш масаласи муҳокама қилинди. Стресс-тестлар натижаларига кўра, муаммоли кредитлар улуши бир неча баробар кўпайиши мумкинлиги, бу эса банк тизими учун жиддий хатар экани қайд этилди.

Шу муносабат билан муаммоли кредитларни ҳудудлар кесимида батафсил таҳлил қилиб, кредит портфели сифатини сақлаб қолиш бўйича таъсирчан механизм ишлаб чиқиш кўрсатмаси берилди. Марказий банк барча тижорат банклари кредит портфеллари хатловдан ўтказилгач, қийин аҳволга тушиб қолган ҳар бир мижознинг молиявий имкониятларини тиклаш бўйича аниқ чораларни ишлаб чиқиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Йиғилишда банк тизимида коррупцияга барҳам бериш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат раҳбари барча тижорат банклари раислари коррупцияга чек қўйиш, комплаенс-назорат каби таъсирчан механизмларни жорий қилиш бўйича қатъий чоралар кўриши лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати
Давлат активлари бор тижорат банкларида ҳукуматдан олинган маблағлар ҳиссаси ҳамон юқорилиги танқид қилинди.

Хусусан, бундай кредитлар улуши «Қишлоққурилишбанк»да 41 фоизни, «Ипотекабанк»да 32 фоизни ташкил этади. Ўтган йили банкларга давлат кафолати остида қарийб 600 миллион долларлик кредит линиялари жалб қилинган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 570 миллион долларни ташкил қилади. Шу билан бир қаторда, аҳолининг жамғарма ва муддатли депозитлари улуши йирик банкларда ўртача 5 фоизни ташкил этади, холос. Шу муносабат билан Марказий банкка тижорат банкларига аҳоли омонатларини жалб этиш бўйича қўшимча таклифлар ишлаб чиқиш топшириғи берилди.

Президент банклар молиявий ресурсларни давлат ёрдами ва кўмагисиз, мустақил жалб қилиши зарурлигини қайд этди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан Марказий банк ва тижорат банклари раҳбарлари ахборот берди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясига кўра, «Ипотекабанк», «Ўзсаноатқурилишбанк», «Асакабанк», «Алоқабанк», «Қишлоққурилишбанк» ва «Туронбанк»даги давлат улушлари босқичма-босқич хусусийлаштирилади.

Банк тизимини ислоҳ қилиш даврида аҳолининг молиявий хизматларга бўлган талабини қондириш, инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш механизмини («лойиҳалар фабрикаси») кенг жорий қилиш, банк хизматларининг ҳудудий қамровини таъминлаш мақсадида «Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки», «Агробанк» ва «Микрокредитбанк» устав капиталларида давлат улуши сақлаб қолинади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев банкларни хусусийлаштириш ва трансформация қилиш масаласида йиғилиш ўтказди