19:07 / 11.07.2020
3 757

Блогер оддийгина тест олишни йўлга қўя олмаган тизим ҳақида: «Йўқотилган вақт»

Блогер оддийгина тест олишни йўлга қўя олмаган тизим ҳақида: «Йўқотилган вақт»
Хорижда ҳатто кўчаларда автостоп, мобиль тест олиш имкониятлари яратилган.
Фото: «dw.com»

Ижтимоий тармоқларда хабарлар кетидан хабарлар тарқалмоқда: Тошкентда ўзида коронавирус аломатини сезаётган, иситмалаб ётган беморлар, оилалар на тест топшира олишяпти, на уларга тиббий ёрдам кўрсатиляпти. Уларнинг қайд этишича, пойтахтда бугун коронавирусга тест топширишнинг имкони йўқ: на «СЭС»лар, на хусусий клиникалар беморларни қабул қила олмаяпти.

Телеграмдаги «Davletovuz» канали муаллифи бу ҳолатни «йўқотилган вақт» деб баҳолади.

«Келаётган ҳафта Ўзбекистонда коронавирус қайд этилганига 4 ой бўлади. Июль ойининг бошигача ҳаммаси яхши эди. Аммо вирус авж олиб, касалланганлар сони кундан-кун антирекордларни янгиламоқда, ўлимлар сонига ажабланмай қўйдик, афсуски. Тўрт ой катта муддат, бу даврда жуда кўп нарсани — масалан, аҳолидан вирусга тест олиш тизимини аллақачон барқарор ишлайдиган қилиш мумкин эди.

Аммо бугун даволаниш тугул тест топшириш оддий одамлар учун азобга айланди. Бутун дунёда ҳатто кўчаларда автостоп, мобиль тест олиш имкониятлари яратилган бир шароитда биз ҳали-ҳалигача қайсидир пул кўрмаган, оч ташкилотга қарам бўлиб, иссиқда сарғайиб ўтирибмиз. Кўчани дезинфекциялаш, миллионларни талон-торож қилаётган амалдорларга пул бергунча, ўтган давр мобайнида лабораториялар, тест тизимларини харид қилсак, бу жараёнга хусусий тиббиёт муассасаларини жалб қилсак бўлмасмиди? Оммавий равишда бепул тест топшириш имкониятини яратаётган давлатларни тилга ҳам олмаймиз.

Ҳаммаси яхши бўлган пайтлар хусусий клиникалар тест олишга яқинлаштирилмади. Масалан, Республика махсус комиссиясининг 19 апрель кунги қарори билан нодавлат тиббиёт ташкилотларига барча талабларига риоя қилган ҳолда ҳудудий санитария эпидемиологик осойишталиги марказлари раҳбарлари томонидан имзоланадиган шартнома асосида 2020 йил 1 сентябрга қадар короновирус инфекциясини лаборатор текшириш бўйича пуллик тиббий хизмат кўрсатишларига рухсат берилди.

Аммо орадан кўп ўтмай Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария эпидемиологик осойишталиги агентлиги лабораториялари етарлича имконият ҳамда қувватга эга эканлиги, шу сабабли хусусий тиббиёт муассасаларини тест олишга жалб қилиш мақсадга мувофиқ эмас, деб эълон қилишди ва Республика махсус комиссияси қарорига қарши чиқишди.

Аммо вазият чинакамига ёмонлаша бошлагач, томдан тараша тушгандек, орадан икки ой ўтиб, 24 июндан бошлаб давлат ва нодавлат ташкилотлари ходимлари ҳамда фуқаролар учун ушбу инфекцияга таҳлил топширишда ихтиёрий, пуллик асосда нодавлат тиббиёт ташкилотлари хизматларидан ҳам фойдаланишга рухсат берилди. Агар давлат тест олишни ўз бўйнига олмасдан, хусусий секторни аввалбошданоқ бу жараёнларга жалб қилганида, бугунги гап-сўзлар, одамлар оворагарчилиги камроқ бўлар эди.

Ҳар қандай касални даволашнинг биринчи талаби ҳақиқий вазиятни билиш ҳисобланади. Ҳозирча вирус тарқалишига қарши бутун дунё тан олган энг самарали усуллардан бири оммавий тест олиш бўлиб турибди. Симптоми бор одам тест топширгунча азобини кўрса, топширган тести ҳам 2-3 кунсиз чиқмаётган бўлса — бу вирусга қарши кураш эмас. Бу тўрт ойлик муддатдан тўғри хулоса чиқарилмаганидан, бошнинг ўрнига нафс ишлатилганидан бошқа нарса эмас. Шунчалик ҳам бўладими?

Бундан икки ой олдин депутат Акмал Бурҳонов «бу ютуқлар тиббиётники эмас, балки мамлакатда ўз вақтида кўрилган карантин чоралари натижаси», деганда қанчалик ҳақ эди. Шунчаки осонроқ, доступнийроқ тест олишни йўлга қўя олмаган тизимнинг кўргиликлари ҳали олдинда. Ўзингизни эҳтиёт қилинг, сизу бизни тиббиёт тизими эмас, карантин асраб қолиши мумкин.

P.S.: Ҳамманинг жони ўзига ширин, жони, жигари азоб чекаётганда, одамлар жим турмайди. Уларни ваҳима қилма, ёлғон хабар тарқатма, дея жазо билан қўрқитиб бўлмайди. Кабинетида кондиционер салқинида ишлаб ўтирган чиновниклар бировга телефон қилмасдан, оддий одам сифатида бир тест топшириб кўрсин. Иссиқда 5 соат туриб, шунда ҳам топширолса — тест топшириб, тест натижасини 2-3 кун юрак ҳовучлаб кутсин. Кўп нарсани тушунишарди» — деб ёзади блогер.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Блогер оддийгина тест олишни йўлга қўя олмаган тизим ҳақида: «Йўқотилган вақт»