09:55 / 13.07.2020
1 204

Депутат Мақсуда Ворисова карантин чоралари кучайтирилишида фуқароларни айблади

Депутат Мақсуда Ворисова карантин чоралари кучайтирилишида фуқароларни айблади
Агар аҳоли карантин чораларига бепарво ва тавсияларга беписанд бўлса, касалликни бошқариб бўлмай қолади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова 12 июль куни «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Депутат Мақсуда Ворисова ўз чиқишида коронавирус инфекциясининг кўпайиб кетишига одамлар карантин чекловлари юмшатилишини нотўғри тушунгани билан боғлади.

«Биз касаллик янги тарқалган маҳалда карантин чораларини қатъий қўлладик. Аҳолимиз карантин чораларига риоя қилиб, уйда ўтирди ва касалликни узатилиш – юқиш занжири кесилгандек бўлди. Аҳолида мана шу касаллик аниқланиши кескин камайгандан кейин карантин чоралари бирин-сирин енгиллатиб, юмшатилиб борилди. Лекин натижада, аҳоли ўртасида нотўғри фикр туғилиб қолди – касалликни биз енгдик, энди юқмас экан», – дейди Ворисова.

Мақсуда Ворисова шифокор сифатида масофани сақлаш, ниқобдан фойдаланиш, тез-тез қўлини ювиш, ўзини ҳимоялаш, деган тавсияларга аҳоли етарли даражада эътибор бермай қўйганига алоҳида урғу берди.

«Натижада, нафақат карантин зоналарида балки аҳоли ўртасида касаллик жуда тез тарқалиб бормоқда ва энг ёмони унинг оғир ҳолатлари кўпаймоқда, ўлим ҳолатларини ҳар куни эшитяпмиз. Агар аҳолимиз бугунги кунда ўша тавсия қилинган карантин чораларига, гигиеник тавсияларга қатъий риоя қилса, биз аҳолини мана шу ҳолатда, яъни касалликни чегараланган ҳолатида ушлаб қоламиз. Агар карантин чораларига бепарво бўлсак, тавсияларга беписанд бўлсак, касаллик бизни устимиздан ғалаба қозонади ва у бошқариб бўлмайдиган ҳолатга тушиб қолишимиз мумкин», – деди у.

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсуфалиев соғлиқни сақлаш тизими ўзининг вазифасини бажариши, лекин аҳоли, биринчи навбатда, тартиб-интизомга – санитария-эпидемилогия талабларга, албатта, риоя қилиши кераклигини айтиб ўтган эди.

Манба: Daryo.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)