13:55 / 14.07.2020
59 074

"... амалдорларимиз тайёр эмас экан". Ўзбекистондаги коронавирус билан боғлиқ вазият танқид остига олинди

"... амалдорларимиз тайёр эмас экан". Ўзбекистондаги коронавирус билан боғлиқ вазият танқид остига олинди
Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият кескинлашмоқда. Биргина 13 июль куни 594 кишида коронавирус аниқланиб, улардан 322 таси аҳоли орасида қайд этилди. Булар мисли кўрилмаган антирекорд бўлиб, айни пайтда мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 13872 нафарга, ундан вафот этганлар 64 нафарга етди.

Юзага келган шундай шароитда ижтимоий тармоқларда турли танқидий фикрлар авж олди. Жумладан, Facebook фойдаланувчи Акмал Турсунов ўз саҳифасида қуйидагича фикр билдирди:

- Лентамда ғаройиб нарсаларни ўқияпман. Гўёки вируснинг тарқалиши билан боғлиқ вазиятда халқнинг ўзи айбдор экан!
Ақллиларга эслатиб қўяй: карантин — бу COVID-19’нинг дориси эмас, касалликнинг қочиб бўлмас тарқалишини чўзиш ва секинлаштириш воситаси.

Сиз қандай бўлади деб ўйловдингиз? Карантинда пича ўтирсак, вирус «мусаффо осмонимиз»ни кўриб, йўқ бўлиб кетади, деганмидингиз?
Вирусли касалликларни тарқалиш қонуни, ҳаво-томчи йўли билан юқадиган вируслар пандемиясининг математик формулалари, «плато» босқичига чиқиш, сўнгра барқарорлашув ва пасайиш, «коллектив» иммунитетнинг шаклланиши-чи?

Сиз табиат қонунлари навбатдаги селектор йиғилиши ва қарор билан бекор қилинади, деб ўйлаганмидингиз?
Қандай бўлади деб ўйлагандингиз? 34 миллион аҳоли учун зарур койкалар ва суний нафас олдириш аппаратлар сонини қандай ҳисоблагандингиз?

Барча мамлакатлар касаллар сони ўсиши, соғлиқни сақлаш тизими ишининг фавқулодда мураккаблашувини бошдан кечирди. Чунки бало уларнинг устига ёпирилиб келди.

Биз, халқимиз вирус балосига мамлакатимизга тўсатдан «ёпирилиш» имконини бермадик. Биз ҳукуматга тайёргарлик кўриш учун вақт бердик.
Мен халқимиз бу ишни ажойиб тарзда, аъло даражада уддалади, деб ҳисоблайман. Биз ҳукуматга пандемияга тайёрланиш учун 4 ой вақт ютиб бердик. Ўз ҳисобимиздан, давлатнинг кўмагисиз уйда ўтирдик, зориқиб қолганларни ҳам «опичлаб» олдик!

Ҳаттоки кейин ҳам, чоралар юмшатилгач фақат рухсат этилган ишлар билан машғул бўлдик. Қоидаларни битта-иккиталар бузиб туришди.
Ҳаттоки ҳозир ҳам зарарланиш динамикасидан келиб чиқсак (бошқа мамлакатларга таққосланганда), кўрсаткичларимиз дунёдаги энг яхшиси эканини айтиш мумкин.

Лекин кимдир «ўтириб» қўйди. Ўмариш мумкин бўлган ҳамма нарсани ўғирлашди. Тиббиёт, касалхоналар, амалдорларимиз тайёр эмас экан. Врачларимиз ҳолдан тойиб бўлишди. Пуллар аллақачон чўнтакларга жойланган, ресурслар қолмаган, ҳамма саросимада. Халқ эса ғазабда.

Шундаям халқ айбдорми?


Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссияси 10 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг мавжуд соғлиқни сақлаш муассасалари қуввати коронавирусга чалинган янги беморларни қабул қилиш учун етарли эмаслиги, «тизимни қайта тиклаш» учун 1 августгача кучайтирилган карантин тартиби қайтадан жорий этилганини маълум қилган эди. Ўша вақтда коронавирусдан даволанаётган беморлар сони расман 3986 нафар эди.

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг фикрича, Ўзбекистонда коронавирус ҳали энг юқори чўққисига чиқмаган, Ўзбекистонда коронавирус авж олса, тиббиёт оғир вазиятга тушиб қолиши мумкин.

Профессор Ҳабибулла Оқиловнинг таъкидлашича, агар Ўзбекистонда кунига 1-1,5 мингта касалланиш ҳолати аниқланса, соғлиқни сақлаш тизими қўшни мамлакатларники каби қулайди.

Эътиборга молик томони, профессор Оқилов 8 июль куни қилган чиқишида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимидаги ресурслар «поёнига етгани», бўш койка-ўринлар қолмаганини маълум қилган эди. 9 июлдаги брифингда эса Оқилов койка-ўринлар, дори захираси мавжудлигини, тизим ҳар қанча беморни қабул қила олишини таъкидлади.

Шунингдек, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов Ўзбекистонда карантин ҳозир кучайтирилмаса, декабргача коронавирусга чалинганлар сони 64 мингга етиши мумкинлигини маълум қилди.

Аввалроқ Twitter фойдаланувчилардан бири Ўртасаройда ўтган 15 кунини ҳикоя қилган эди. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан «вақтида мурожаат қилмай, уйида даволанган» деб айтилган беморнинг яқини касалхоналар COVID-19’дан вафот этган марҳум беморни бир неча бор қабул қилмаганини сўзлаб берди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » "... амалдорларимиз тайёр эмас экан". Ўзбекистондаги коронавирус билан боғлиқ вазият танқид остига олинди