23:50 / 15.07.2020
1 925

Муаммони ҳал қилиш чоралари: қўшимча ўринлар ташкил этилади, дори-дармон захираси шакллантирилади

Муаммони ҳал қилиш чоралари: қўшимча ўринлар ташкил этилади, дори-дармон захираси шакллантирилади
Президент Шавкат Мирзиёев пандемия билан боғлиқ вазият муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги вазият оғирлигини қайд этиб, муаммоларни ҳал қилиш чораларини белгилаб берди.

Хусусан, Республика махсус комиссиясига Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида коронавирус тарқалишига қарши кураш ва аҳолини даволаш ишларига алоқадор барча вазирлик ва идоралар, йирик тиббиёт муассасалари раҳбарларидан иборат 24 соат ишлайдиган штаблар ташкил қилиш кўрсатмаси берилган. Ушбу штаблар вазиятни реал вақт режимида назорат қилиб, юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш чораларини кўради.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятидаги поликлиникалар ҳузуридаги мобил гуруҳлар сонини уч баробар кўпайтириш вазифаси юклатилди. Зангиота туманида яқинда иш бошлаган шифохонадаги жой сонини яна 1000 ўринга кўпайтириш топшириғи берилди.

Пойтахтда дори-дармон етказилиши ва нархи барқарорлигини таъминлаш, шошилинч тиббий ёрдам хизмати ва колл-центрлар ишини самарали ташкил этиш, COVID-19 билан ишлаётган тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш, касаллар учун қўшимча ўринлар ташкил этиш, шунингдек, карантин ҳудудларидаги шахсларни уй карантинига босқичма-босқич ўтказиш масалалари кўриб чиқилди, зарур чоралар белгиланди.

Аҳолидан мурожаатлар сони кескин ортиб бораётганини ҳисобга олиб, колл-центрлар алоқа воситалари ва операторлари сонини камида икки баробарга ошириш лозимлиги таъкидланди.
Тошкент шаҳар ҳокимлигига камида 3 ойлик дори-дармон ва ҳимоя воситалари захирасини шакллантириш вазифаси қўйилди.

«Ҳозирги синовли вазиятда кундалик эҳтиёж моллари ва зарурий озиқ-овқат маҳсулотларининг етарли бўлиши, нархлари асоссиз ошиб кетмаслиги жуда муҳим. Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга бу масалани қатъий назорат қилиш бўйича кўрсатмалар берилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Пандемияга қарши курашиш, карантин қоидаларига амал қилиш, ижтимоий масофани сақлашнинг аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда бу борада қилинаётган кундалик ишларни холис ва тезкор ёритиш муҳимлиги таъкидланган.
Коронавирус касаллигини даволаш билан боғлиқ барча жараёнларга, жумладан, Тошкент шаҳридаги ишларга масъуллар бириктирилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Муаммони ҳал қилиш чоралари: қўшимча ўринлар ташкил этилади, дори-дармон захираси шакллантирилади