17:06 / 20.07.2020
1 776

Сергелида оммавий муштлашув. Беш кишига маъмурий қамоқ жазоси тайинланди

Сергелида оммавий муштлашув. Беш кишига маъмурий қамоқ жазоси тайинланди
Фото: Видеолавҳадан скриншот
Ижтимоий тармоқларда Сергели туманининг Чоштепа мавзесида оммавий муштлашув юз берганига оид лавҳа тарқалди. Унга кўра, шу ерда кўп қаватли уйлар қураётган фирма ишчилари ўртасида келиб чиққан низо «мушт кетди»га айланиб кетган.

Айни хабарни тасдиқлаган Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов тармоқда тарқалган хабарларга бир қадар ойдинлик киритди. Унинг маълум қилишича, воқелик шу йилнинг 16 июль куни Сергели тумани Янги Чоштепа маҳалласининг Ўзар кўчасида кеч соат 19.20 чамасида юз берган. Жанжал «ООО Silver Tulip»нинг (кўп қаватли уйлар қураётган корхона) икки нафар бўёқчиси ўртасида иш қуроли («шпатель») талашишидан келиб чиққан. Улар ўртасидаги «даҳанаки жанг» (уятсиз сўзлар, ҳақоратлар) ёқалашиш даражага боргач, жанжалга бошқа ишчилар ҳам аралашиб кетади. Жараён шу ҳудуддаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи Ҳ. М. (1992 йилда туғилган) томонидан уяли телефонга ёзиб олиниб, интернет тармоғига чиқариб юборилгани аниқланди.

Воқеа жойига ички ишлар ходимлари етиб келиб, жанжалнинг асосий сабабчилари ва иштирокчилари қўлга олинган. Ва уларга (жами беш нафар) нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ҳужжат расмийлаштирилиб, мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган.

Сергели туман маъмурий судининг қарори (17 июль) билан «ООО Silver Tulip»нинг беш нафар ишчисига (безорилик хатти-ҳаракатлари содир этгани учун) нисбатан ҳар бирига 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Бош прокуратура масъули қурувчи ташкилот — «ООО Silver Tulip» Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаевга тегишли-тегишли эмаслиги масаласида маълумоти йўқлигини таъкидлади. Айтдики, қурилиш ташкилоти 12 та бригададан иборат бўлиб, 439 нафар ишчи ва 33 нафар қоровул ишлайди. Улар билан корхона раҳбари иштирокида тезкор-профилактик суҳбат ўтказилиб, барчаси («ўпкангни босиб юрларинг!» мазмунида — таҳр.) расман огоҳлантирилди.

оммавий муштлашув Сергели
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)