16:41 / 21.07.2020
1 019

«Давергеодезкадастр»да яна 9 нафар раҳбар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди

«Давергеодезкадастр»да яна 9 нафар раҳбар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди
17 июль куни «Давергеодезкадастр» тизимидаги 9 нафар раҳбар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл, Шуманай, Тахтакўпир, Беруний, Элликқалъа тумани ва Нукус шаҳри, Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани ҳамда Бухоро вилоятининг Когон туман «Ермулккадастр» корхоналари раҳбар ва ходимлари билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган.

«Давергеодезкадастр» қўмитасида 10 июль куни республика, вилоят ва туман миқёсидаги 7 нафар раҳбар эгаллаб турган лавозимидан озод этилган эди. Қўмита ишдан бўшатилган ходимлар ўз лавозимини суиистеъмол қилгани, ўз ишига масъулиятсизлик ва совуққонлик билан ёндашиб, тизим идораларида етарли даражада ишни ташкил этмаганлиги ва энг асосийси халқнинг муаммоларини чуқур ўрганиб ечим топмаганини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 4 июль куни Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг янги раиси Ҳалилилло Тўрахўжаев жамоатчиликка мурожаат қилиб, кадастр соҳасини шаффоф, коррупциядан холи тизимга айлантириш учун фуқаролардан ёрдам сўраган эди.

Ҳалилилло Тўрахўжаев «Давергеодезкадастр» қўмитаси фаолиятидаги муаммолар, ҳал этилмаган ишлар, бюрократик тўсиқ ва ғовларга дуч келаётган, шунингдек, мазкур йўналишни ривожлантириш, такомиллаштириш бўйича ғоя ва таклифларга эга ўзбекистонликлар билан очиқ мулоқотга тайёрлигини билдирган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)