20:25 / 24.07.2020
3 988

Baзиpликдaги кaттaкoн «тaнишлap»

Baзиpликдaги кaттaкoн «тaнишлap»
Орамизда шундай инсонлар борки, ёлғон қон-қонига сингиб кетган. «Ноёб қобилияти» билан суҳбатдошларининг ишончини қозониб, фириб тўрига илинтиришга уста улар.

Наманган шаҳрида туғилган Элёр Мадиевни ҳам бемалол ана шу тоифага киритиш мумкин.
Букрини гўр тўғрилайди деганларидек, олий маълумотли бўлган, пойтахтдаги нуфузли ташкилотлардан бирида ишлаган бу йигит фирибгарлиги туфайли уч марта судланган. Нафснинг сўзига кириб, ҳалол ризқидан ҳам айрилган.

2018 йил май ойида у Тошкентда янгиқўрғонлик Малоҳат Эралиева билан танишиб қолади. Ўзининг вазирликлардан бирида ишлашини айтганида Малоҳат шундай баланд мартабали инсон билан танишганидан хурсандлигини яшириб ўтирмади. Аста-секин аёлнинг ишончига кирган Э.Мадиев унга ўз ниятини айтади:

– Биласиз, бунақа ишлар бир умрга боғлаб берилмаган инсонга. Кейин… Битта маош билан рўзғор тебратиш оғир ҳозир… Вазият аввалгидек эмас. Шунга тадбиркорлик билан шуғуллансаммикан деб турибман…
– Тўғри… – уни маъқуллади Малоҳат. – Битта ойлик ҳеч нарсага етмайди. Ўзим ўқитувчиман, буни жуда яхши биламан…

Улар шу тариқа бироз суҳбатлашишгач, Э.Мадиев муддаога ўтиб, Малоҳатга аста «қармоқ ташлади»:
– Ўзбекистондаги исталган университет ва институтга гапим ўтади. Ўқишга киролмай юрган ёки ўқишини кўчиришга қийналаётган танишларингиз бўлса, менга рўпара қилаверинг, синг­лим. Фақат озгина харажати бор…

– Вой, сизни менга худонинг ўзи етказди! Бунақа муаммолари бор қариндош­ларим, танишларим жуда кўп, – деди Малоҳат. – Ҳечқиси йўқ… Иши битганидан кейин харажатига ҳам чидашади-да!

Шу кундан бошлаб Малоҳат Э.Мадиев тузган режага кўра ишлай бошлади. Май-июль ойларида бир неча йилдан буён олий ўқув юртларига ўқишга киролмаётган ёки ўқишини кўчириш ғамида юрган таниш-билишларидан «Вазирликдаги танишим ҳал қилиб беради» деган ваъдалар билан 500 дан 2000 долларгача, жами 5800 АҚШ доллари миқдорида пул олади ҳамда Э.Мадиевга етказади. Шу тариқа унинг жиноий шеригига айланади.

Афсуски, бу ваъдалар пуч эди. Шу боис йил адоғида ҳам пул берган одамларнинг муаммоси ҳал бўлмагач, улар Малоҳатдан пулни қайтаришни талаб қилишди. Ўз навбатида, аёл Э.Мадиевга боғланди. Бироқ… югур-югурлар, оҳ-воҳлар иш бермади. Э.Мадиев пулни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган, уни қайтариш хаёлига ҳам келмаётганди. Жабрланувчилар ноилож ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этишга мажбур бўлишди.

Суд ҳукм ўқиди. Унга кўра Э.Мадиев олти йилга озодликдан маҳрум этилди. Унинг жиноий шериги М.Эралиевага эса беш йил озодликни чеклаш жазоси та­йинланди. «Катта одам» билан танишиш унга шунақа ташвиш келтирди.

Нодира АТАҚЎЗИЕВА,
Наманган шаҳар прокурорининг
катта ёрдамчиси

Манба: Huquq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Baзиpликдaги кaттaкoн «тaнишлap»