09:09 / 25.07.2020
2 682

Шавкат Мирзиёевнинг 63 ёшга тўлиши муносабати билан унинг фаолият хроникаси чоп этилди

Шавкат Мирзиёевнинг 63 ёшга тўлиши муносабати билан унинг фаолият хроникаси чоп этилди
Фото: Президент матбуот хизмати
«Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан «Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фаолият хроникаси» деб номланган тўплам нашрдан чиқарилди. Унда Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил сентябрь ойидан 2020 йил 1 январгача бўлган даврдаги сиёсий фаолияти солномаси батафсил акс эттирилган. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, мамлакат китобхонларига тақдим этилаётган мазкур тўпламнинг энг муҳим хусусияти шундаки, унда кейинги йилларда Ўзбекистонда кечаётган шиддатли ва кенг кўламли ҳаётий жараёнлар тарихий ҳужжатлар, факт ва рақамлар, аниқ далиллар орқали акс эттирилади.

Маълум қилинишича, 2016 йил сентябрь ойидан 2020 йил январь ойига қадар ўтган даврда Президент томонидан мамлакат ҳудудларига 129 марта сафар уюштирилган, 69 та видеоселектор йиғилиши, энг муҳим ва устувор масалалар бўйича 112 та йиғилиш ва муҳокамалар ўтказилган. Ана шу даврда давлат раҳбари томонидан 194 та қонун, 1106 та фармон, 1974 та қарор, 933 та фармойиш тасдиқланган.

Шу даврда Президент Шавкат Мирзиёев 40 марта чет давлатларга расмий ташриф буюрди, 24 та халқаро саммит ва анжуманларда иштирок этиб, уларнинг доирасида 60 та учрашув ўтказди. Бундан ташқари, хорижий давлат ва ҳукумат раҳбарлари бошчилигидаги 39 та нуфузли расмий делегация Ўзбекистонда қабул қилинди. Шунингдек, вазирлар, халқаро ташкилот ва компаниялар, хорижий ишбилармон доиралар раҳбарлари бошчилигидаги 166 та делегация билан музокаралар ўтказилди.

Шу вақт мобайнида чет давлатларнинг Ўзбекистонда иш бошлаган фавқулодда ва мухтор элчиларидан 32 нафаридан ишонч ёрлиқлари қабул қилиб олинган, хорижий давлат ва ҳукумат бошлиқлари, халқаро ташкилот раҳбарларига 1858 та мактуб йўлланган. Шу ўринда хорижий давлатлар раҳбарлари билан 113 марта телефон орқали мулоқот ўтказилган.

Президент шу йиллар давомида мамлакатда бўлиб ўтган 53 та тантанали маросимда иштирок этиб, нутқ сўзлаган, шунингдек, аҳоли ва турли соҳа вакилларига 79 та табрик ва қутловлар йўллаган.

Қайд этилишича, мазкур тўплам бошқарув соҳаси ходимлари, академик доиралар, сиёсатшунос ва социологлар, таҳлилчи ва экспертлар, тадқиқотчи ва талабалар, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи билан қизиқадиган барча кишилар учун мўлжалланган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 июлда 63 ёшга кирди.

Шу муносабат билан Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Россия президенти Владимир Путин, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Шавкат Мирзиёевни таваллуд куни билан табриклади.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёевни Қирғизистон президенти Сўронбой Жээнбеков, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоев туғилган кун билан қутлади.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг туғилган куни муносабати билан бир қатор хорижий давлатлар, ҳукуматлар ва парламентлар раҳбарлари, таниқли давлат ва жамоат арбобларидан қутловлар келди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёевнинг 63 ёшга тўлиши муносабати билан унинг фаолият хроникаси чоп этилди