date
views 3 216

Интернетда ИИВ ходимларига «план» қўйилиши ҳамда ойликдан кесилиши ҳақида яна бир аудиоёзув тарқалди

Интернетда ИИВ ходимларига «план» қўйилиши ҳамда ойликдан кесилиши ҳақида яна бир аудиоёзув тарқалди
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда ИИВ ходимлари қийналиб, ойликлари етмаётгани, мажбурий «план» қўйилиши ҳақидаги аудиолар тарқалмоқда. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов АОКАда ўтказилган брифингда бу борадаги саволларга жавоб берди.

26 июль куни интернетда Тошкент шаҳар Олмазор тумани ИИО ФМБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими катта инспектори, подполковник Фаррух Холовнинг туман ходимлардан иш натижаларини оширишни талаб қилиб йўллаган мурожаати аудиоёзуви тарқалганди.

Унда Холов Олмазор тумани фуқароларга нисбатан маъмурий баённома тузишда жуда кам кўрсаткичга эгалиги, натижада бу юқори турувчи раҳбарларни қаноатлантирмаётгани, туман раҳбарлари шаҳар миқёсида ўтказилаётган йиғилишда бунинг учун қаттиқ гап эшитишаётганини таъкидлаган.

Ғиёсовнинг айтишича, ички ишлар тизими «бундай номақбул иш услубидан аллақачон қутулган».

«Ҳозирда ходимларимизга бундай талаблар қўйилмайди. Агар кимда бу ҳақда маълумот бўлса, 1102 ишонч телефонига қўнғироқ қилишини сўраймиз. Биз ижрочига ҳам, раҳбарига ҳам қаътий чора кўрамиз. Шахсингиз сир сақланиши кафолатланади», дейди у.

28 июль куни эса ички ишлар ходими сифатида гапирган номаълум шахснинг овозли хабари тарқалди. Унда ҳам раҳбарият «10та келтириш»ни (қоидабузарларни Ички ишлар биносига келтириш назарда тутилмоқда - таҳр.) талаб этишини айтиб ўтган. Маълум қилинишича, «12 соатлик иш фаолиятидан сўнг, бўлимга борганда 20 кишидан казармага олиб қолинади».

«Covid-19 учун эмиш. Ким ўйлаб чиқарган шуни? Бир тарафдан етти метр масофа (сақланг) дейди, бошқа тарафдан 20 кишини бир жойга тиқади.

Иккинчидан, казармада ётай десанг, Меҳр-саховат уйи бор – ўша ер ҳам ундан тузукроқ. Ётоқ қандаласи (клоп) босган... Ҳожатхонага кираман, десанг, туалет йўқ. Эрталаб юз-қўлни ювиш учун кўчага чиқиб, Қўйлиқ массив тарафга ўтиб, дўкондан сув олиб, ювиниш керак», дейди у.

Овозли хабар эгаси 2 миллион сўмлик ойликнинг 15 фоизи Covid-19 туфайли, 35 фоизи эса Сардоба фожиаси оқибатларини бартараф этиш учун мажбуран олиб қолинганини билдирган.

«Ўйлашимча, ГУВДда (Тошкент шаҳар ИИББ назарда тутилмоқда - таҳр.) айрим раҳбарлар муҳтарам юртбошимизга чиқиб, биз қилдик ё мен қилдик, дейдими?! Бу ёқда шахсий таркибдан мажбуран шунча пул олдим ё бунақа қилдик, деб чиқмайди. Лекин мен бор қилдим, дейди «Муфаса» деганлари («Қирол шер» мультфильмидаги образ - таҳр.). Бу ёқда шунча одамни жувонмарг қилганини айтишмайди. Тўғрироғи, билишмайди.

Ўттиз беш фоиз нима дегани? Бировнинг бола-чақаси қийналган, ота-онаси бор. Пулга муҳтож. Ота-онаси касал, дори-дармонга пул йўқ бўлса керак. Шуни тақаб, бировдан қарз олиб, кейинги ойда фалон сўм маош оламан, деб, фалон сўм қарзимни берсам, 300 минг сўм ўзимга қоларкан. Шу пулни эса Янгийўл ё Тўйтепадан келадиганлар ишхонамга йўл кира учун бир ойга етказиб тураман ёки бировнинг ўрнига ишга чиқаман, деб қоладими?! Ё батальон, автобуси, патруль машинаси ичида ухлаб ётадими?

12 соат «Мадад» деган жойда постда турамиз. Фуқаролар сув ташлаб кетишади. Айрим тушунган инсонларга катта раҳмат айтамиз. Уйининг олдида ўтирсак, ош-овқат олиб чиқади, чин дилдан миннатдормиз. Олиб чиқаётган маҳали, шунга ҳам бош оғриғи: олма, ема, қарама. Нега? Жойини ташлаб, овқат олиб келгани кетса, келиб текшириб, ақллилик қиласанлар. Уйдагилар олиб чиқса, улардан олма, дейсанлар.

Нима дегани бу? Хизматни тугатиб уйга бораман, десанг, казарма, ундан чиқсанг, кечаси 12-1да қанақадир тадбир. Фоҳиша тадбири дейсанлар, қаердан ўйлаб чиқилган бу, «Тиғ» тадбири, 20та тиғ бўлсин, 20та ниқобсиз бўлсин. Кўчада одам йўқ, Уйда ўтирибди-ку. Кўчага нон учун чиққан одамни ушлаб олиб, протокол қилмайсан-ку? Улар ҳам уйда ишлолмай, қарз-ҳавола қилиб ўтирибди », деган у.

Тошкент шаҳар ИИББ расмий вакили ушбу аудиоёзув масаласида ҳали расмий изоҳ бермади. ИИВ матбуот котиби эса брифингда шундай масалалар юзасидан умумий муносабат билдирди.

«Ҳозир ҳеч кимга осон эмас. Албатта, бугунги кунда ички ишлар органларига қўйилаётган юклама кўп марта ошган. Бизнинг ходимлар орасида ҳам касалланганлар, карантинда сақланаётганлар ва шу касалликдан вафот этганлар бор. Лекин ички ишлар органлари ходимлари ҳар қандай вазиятда олдиларига қўйилган вазифани бажарадилар, бунга бизнинг куч ва воситаларимиз етарли», деган у.

Шу билан бирга, ойлик камлиги ва ойлик қирқилиши ҳақидаги даволар изоҳсиз қолдирилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Интернетда ИИВ ходимларига «план» қўйилиши ҳамда ойликдан кесилиши ҳақида яна бир аудиоёзув тарқалди