11:06 / 08.08.2020
2 378

Қўлинг билaн бepacaн, oëғингдaн тўзacaн

Қўлинг билaн бepacaн, oëғингдaн тўзacaн
Суд давомида беихтиёр бошидан ўтганларнинг ана шу гапи ёдга тушади. Имкони бор одам мушкул аҳволга тушиб қолган оғайниси, танишини қўллаши савобли амаллардан. Ҳамидулла (исм-фамилиялар ўзгартирилган) маҳалладоши Турдиалининг илтимосини рад этолмади. Унинг дўконидан молларига ем олиб туради. Савдо иши ҳам таваккал, гоҳ юришиб, гоҳ ортга кетиши мумкин.

– Пулдан қийналиб қолдим, – деди Турдиали. – Илтимос, ўн минг доллар бериб туринг, узоғи билан икки ойда қайтараман.
– Бунча йўғу…
– Борини бериб туринг.

Ҳамидулла ичкаридан 9000 АҚШ долларини олиб чиқиб берди. Орадан икки ой ўтиб унинг дўконига, уйига борди. У қарзи ҳисобидан ем олиб туришини илтимос қилди. «Қолганини кейинроқ бераман» деб ишонтирди. Ҳамидулла ҳар ҳафта, баъзан ҳар ўн кунда 100-120 кило ем олиб турди. Ойлар ўтди, Турдиали ҳар хил баҳоналар билан қарзини тўлашни ортга сураверди. 2009 йилнинг охирроғида чет элга ишга кетди. Бир йилда ортига қайтди. Ҳамидулло хориждан қайтган Турдиалига учради. У тағин «ишим юришмаяпти, пул бериб туринг, аввалги қарзимга қўшиб олти ойда қайтараман» деди.

Ҳамидулланинг Россияда ишлаб юрган қўшниси Сотиболди «сизда тура турсин» дея пул жўнатарди. Қўнғироқ қилиб, «йи­ғилган пулимга битта «Дамас» автомобилини сотиб олиб, ишончли ҳайдовчига ижарага бериб қўйинг, ижара пулини оиламга бериб турасиз» деган эди. Турдиали «ўша пулни менга беринг, ижара ҳақини ўзим тўлаб бораман» деди. Ҳамидулла уйидаги Сотволдининг 9000 доллар пулига автомобиль олмасдан Турдиалига бериб қўйди. Уч марта ойма-ой берган 900 минг сўм, 780 минг сўм, 450 минг сўм ижара пулини Ҳамидулла Сотволдининг оиласига топширди. Турдиали ижара пулини тўлашни ҳам бас қилди. 2017 йилнинг 26 апрель куни оила аъзолари билан келиб яна қарз сўради. «2 минг доллар бериб турсангиз сиздан олган 18 минг долларни қўшиб, 20 минг қилиб қайтараман» деди.

Ҳамидулла дўкондан олиб турганим ем ҳақи дея берган қарзининг 10 минг долларидан воз кечди. Унга 2 минг доллар берди. Турдиали аввалгидан қолган 8 мингга 2 мингни қўшиб, 10 минг доллар қарзини 26 май куни қайтариб беришга ваъда қилди, тилхат ёзди. Тилхатга ўзидан ташқари акаси, икки ўғли ва хотини имзо қўйишди. Бироқ у яна алдади, орадан бир ой ўтиб қарзини қайтариб бермади. 2018 йили бошқалардан ҳам қарзга пул олиб қайтариб бермасдан алдаб келган Турдиали судланиб, ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилди. Суднинг 2019 йил сентябрь ойидаги ажрими билан жазонинг қолган қисмини ўташдан озод этилди.

Ҳамидулла тилхатдаги 10 минг долларни қайтариб олишига кўзи етмасдан Қўштепа тумани ИИБга мурожаат қилди. Ўн йил алдаб келган фирибгарга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Судда Турдиали Ғойибов айбини тан олмади. Ҳақиқатан Ҳамидулладан 2009 йили 9000, 2011 йили яна 9000 долларини қарзга олганини, ушбу қарз ҳисобидан Ҳамидулла омихта ем олиб турганини, иши юришмай 2017 йили ундан олган 2000 доллар қарзининг 200 долларини қайтариб берганини, ҳозир қолган қарзини тўлиқ қоплаганини инобатга олишни сўради.

– Чет элда ишлаб юриб, қўшним Ҳамидуллага сақлагани пул жўнатиб турганман, – деди гувоҳ Сотиболди. – Йиғилган 9 минг долларга «Дамас» машинасини олиб, такси ҳайдовчисига ижарага бериб қўйишни, ижара пулини оиламга бериб туришни тайинлаганман. Чет элдан қайтганимдан кейин у машина ололмаганининг сабабини айтмасдан йиғилган пулимни тўлиқ берди. Судланувчи ундаги менинг пулимни қарзга олиб бермаганини кейин билдим.

Жабрланувчи Ҳамидулла судланувчи Турдиали Ғойибов етказилган зарарни тўлиқ қоплаганини, унга даъвоси йўқлигини таъкидлади. Фирибгарга икки йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Акбарали Юсупов,
Қўштепа тумани прокурорининг ёрдамчиси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қўлинг билaн бepacaн, oëғингдaн тўзacaн