09:50 / 25.08.2020
1 616

70 хил лицензия ва 35 турдаги рухсатномалар бекор қилинади

70 хил лицензия ва 35 турдаги рухсатномалар бекор қилинади
«Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони имзоланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Фармонга асосан, 2021 йил 1 январдан бошлаб:
- 37 та лицензия ва 10 та рухсатнома бекор қилинади;
- 16 та лицензия ва 11 та рухсатнома бирлаштириш йўли билан бекор қилинади;
- 17 та лицензия ва 14 та рухсатнома хабардор қилиш тартиби жорий этилиши йўли билан бекор қилинади.
Фармонга кўра, хабардор қилиш тартиби жорий этилган фаолият (ҳаракат) учун расмийлаштирилган лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилиши ўз кучида қолади ва ушбу фаолият (ҳаракат)ни амалга ошириш учун ваколатли органни хабардор қилиш талаб этилмайди.

Шунингдек, 2021 йил 1 январдан бошлаб:
а) туризм фаолиятини лицензиялашда туроператорлар хизматларини сертификатлаш ихтиёрий этиб белгиланади;
б) қуйидагилар бекор қилинади:
  • кредит бюролари фаолиятини лицензиялашда камида 10 та тижорат банки билан кредит алмашинувини амалга оширишга розилигини тасдиқловчи ҳужжат мавжудлиги талаби;
  • дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолиятини лицензиялашда ушбу фаолият учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан уларнинг худди шундай фаолият билан шуғулланувчи филиаллари ташкил этилганда ҳар бир филиал манзилини асосий лицензияда кўрсатиш амалиётини жорий қилиш орқали филиалларга алоҳида лицензия расмийлаштириш амалиёти;
  • ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия олишда талабгордан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг кафолат хатларини олишни талаб қилиш тартиби.

Шунингдек, 2020 йилда муддати тугайдиган барча лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилиш муддати 2021 йил 1 январга қадар узайтирилди; уларнинг муддати ўтгани муносабати билан жавобгарликка тортиш ва бошқа чоралар қўлланилиши тақиқланди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)