18:33 / 27.08.2020
4 069

Эрини ўлдириб, ҳожатхонага ташлаб юборган аёлга ҳукм ўқилди

Эрини ўлдириб, ҳожатхонага ташлаб юборган аёлга ҳукм ўқилди
Халқимизнинг неча йиллик урф-одатлари, анъаналари бежиз юзага келмаган экан. Уларнинг ҳар бирида дунёча маъно бўлиб, улкан тажриба маҳсули экан. Оддий мисол, оила барпо этгувчи икки шахснинг ўзаро никоҳи қайд этилгунига қадар ўртада қанчадан-қанча борди-келди ҳаракатлари амалга оширилади. Бу орада ҳар иккала тараф бир-бирининг ижтимоий тенглигидан ташқари, бўлғуси эр-хотинларнинг феъл-атворигача ўрганадилар.

Шу тариқа оила барпо этилади. Тўғри, ҳамма никоҳ ҳам омадли бўлавермайди. Бироқ, ҳар қандай оилани никоҳ мустаҳкамлаб туради. У не бир синовларга дош беришни, не бир қилмишларга кўнишни, не бир гуноҳларни кечиришни ўргатади. Энди акси бўлса-чи? Яъни, ҳеч бир амалларсиз, икки шахс бир-бирини кўр-кўрона танлаб, ўзаро турмуш қурса оқибати қандай бўлади?

Андижон вилоятида яшовчи 25 ёшли Насиба Аҳмедова (мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам фуқаро Неъматжон Мадраҳимов билан танишиб қолдию, муносабатлари кундан-кунга илиқлаша бошлади. Самимий салом-аликлар бир пиёла чой устидаги дўстона учрашувга айланди. Аёлни кузатиб қўйишлар, учрашувда кутиб олишлар ҳар иккисида бир-бирига бўлган интилишни оширди. Шу тариқа 2019 йилнинг февраль ойида шаръий никоҳ орқали турмуш қуришди.

Вақт ҳамма нарсанинг асл қиёфасини ошкор этади. Бир-бирларининг кўзига Лайли билан Мажнун бўлиб кўринган бу икки дилнинг ҳам ўзларига яраша қиёфалари бор экан. Бу кўриниш кун ўтган сари намоён бўла бошлади. 2019 йилнинг 3 май куни Неъматжоннинг ҳам ахлоқсизларча феъл-атвори ўз бўй-бастини кўрсатди. У аёлидан ғайритабиий ҳолда жинсий алоқада бўлишни талаб этди. Бу эса Насибахоннинг шахсиятини поймол қилди. У ўзини чиркин маконнинг жирканч масканига тушиб қолгандек ҳис этди.

Ана шу жирканчлик домида бўғилиб қолаётгандек бўғзига алланима тиқилди. Эрининг феълини билгани боис, унинг талабидан қочиб қутулолмаслигига ақли етди. Бироқ, қачонгача бундай иллат ичида яшаш мумкин? Ахир у бахт салтанатининг маликаси бўлишни истамаганмиди? Нима энди бир умр феъли бузуқ бир кишининг ахлоқсиз хатти-ҳаракатлари қурбонига айланадими? Йўқ, бунга чора кўриш керак. Бунга якун ясаш даркор.

Аёл ана шу ўй-хаёл билан режа тузди. Ҳа, аёл кишининг хийласи қирқ туяга юк бўлади, деб бежиз айтишмаган экан. Неъматжон тўшакдаги хоҳишини талаб қилиб улгурмасидан Насибахон унга қарши режа ишлаб чиқди. Унга биноан эрига мулойимлик билан, балки муғомбирлик билан жилмайди. Хоҳишини ўзининг хоҳишига уйғунлаштирмоқчи эканлигини айтди. Қизиқиб қолган эр ихтиёрини буткул аёлига топширди. Ҳаммаси хамирдан қил суғургандек енгил кўчганидан хурсанд аёл шу заҳоти иккита этакни олиб, Неъматжонинг қўл-оёғини боғлади. Ҳаракатдан чекланган йигитнинг устига ўтириб олганча, синтетик ип билан томоғидан бўғди. Неъматжоннинг то жони чиқиб улгурмагунча бор кучини йиғиб, бўғишда давом этди.

Хийлагар аёлнинг режаси шу билан якун топмади. Мурдадан эртаси куни қўланса ҳид кела бошлади. Насибахон уни бир ёқлик қилиш кераклигини тушунди. Қўшнисиникига кириб, арра олиб чиқди. Ерда ётган турмуш ўртоғининг танасини ана шу арра билан бўлакларга бўлиб, бир уюм чиқиндига айлантирди. Сўнг ҳожатхонага ташлаб юборди.

Насибахон шу тариқа бир умр жим юриши, эрининг жасади устидан ахлат тўкишда давом этиши мумкин эди. Кутилмаганда қайинакаси томонидан укасининг бедарак йўқолганлиги тўғрисидаги хабар ички ишлар бўлимида пайдо бўлди. Суриштирувлар бесамар кетмади. Олиб борилган тергов жараёнида аёл бор қилмишини тан олиб, ҳаммасини рўйи-рост айтиб берди. Куни кеча жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судида Насибахон Аҳмедовага нисбатан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Умр инсонга бир марта берилади. Уни қай тарзда яшаш ўзимизга боғлиқ. Бироқ, унутмаслигимиз керакки, биз яшаётган умр нафақат ўзимизга, балки атрофимиздагилар ҳаётига ҳам таъсир қилади. Шундай экан, бир-биримизга фақат яхши амаллар билан таъсир қилайлик. Ҳаётимизни чиройли, мазмунли яшашга интилайлик. Шундоқ ҳам беш кунлик дунёда яхши из қолдирайлик.

Саминжон ҲУСАНОВ

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Эрини ўлдириб, ҳожатхонага ташлаб юборган аёлга ҳукм ўқилди