14:53 / 28.08.2020
2 465

Чинозлик Аҳмадбойнинг ёрдамчиси Муродбойга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди

Чинозлик Аҳмадбойнинг ёрдамчиси Муродбойга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди
2015 йилга қадар чинозлик Аҳмадбойнинг ёрдамчиларидан бўлган ва халқ орасида Муродбой номи билан танилган Мирзамурод Юнусалиев ва унинг жиноий шерикларига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берган.

Мирзамурод Юнусалиев 27 август куни жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман суди томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмининг «а», «в» бандлари (фирибгарлик), 184-моддасининг 3-қисми (жуда кўп миқдордаги солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш), 228-моддасининг 3-қисми (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш — ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш) ва 243-моддаларида (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

Суд жиноий гуруҳ раҳбари бўлган Мирзамурод Юнусалиевга – 9 йил, унинг шериклари Ғофуржон Муроджоновга – 8 йил, Амиран Қудратовга – 8 йил, Эркин Шариповга – 8 йил, Сирожиддин Йўлчиевга – 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Гуруҳнинг қолган 8 нафар аъзоси Жиноят кодексининг 72-моддасига (шартли ҳукм қилиш) асосан уларнинг гуруҳдаги иштирокчилик даражаси инобатга олиниб, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосидан шартли равишда озод қилиниб, 3 йил синов муддати белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил май ойидан қидирувда бўлган Юнусалиев 2019 йил 27 апрель куни қўлга олинган. У қидирувдалиги боис ҳаракатдан тўхтатиб қўйилган жиноят иши қайта тикланганди.

Тергов жараёнида Мирзамурод Юнусалиев 2016 йил январь ойида «Эркин Авто Дилер» номли МЧЖ замирида «молиявий пирамида» ташкил этиб, бу ишга ўзининг ўнга яқин жиноий шерикларини жалб қилгани, улар ёрдамида 4000 нафарга яқин фуқаронинг 26 миллион 870 минг 51 АҚШ доллари ва 18 миллиард сўм миқдордаги пул ва бошқа мол-мулкларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.

Жиноят иши бўйича қарийб 8 миллиард сўмлик 18 та кўчмас мулк объектлари (уй, чойхона, дўкон биноси, нотурар бино ва иншоотлар) хатланган. Фуқароларга тегишли 85 та енгил машина ашёвий далил тариқасида олинган. Ушбу автомобилларнинг барчаси белгиланган тартибда баҳоланиб, ўз эгаларига қайтарилган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)