07:37 / 30.08.2020
2 064

Карантиндаги беш ой. Ундан ким қандай чиқди?

Карантиндаги беш ой. Ундан ким қандай чиқди?
Карантин ҳамма учун оғир келди. Айниқса шаҳарда, кунлик топганига қаноат қилиб юрганлар қийналиб қолди. Шундай вақтда яна барака топгур тадбиркорлар эл дардига кор келди — биргина Навоий шаҳрининг ўзида «темир дафтар»даги оилаларга 1 миллиард 740 миллион сўмлик ёрдам кўрсатилди.
***
Руслан Гасимов мана шундай кунлик даромадда рўзғорини ўтказиб юрганлардан бири эди. Оила кичкина эмас — бир хонали квартирада беш жон истиқомат қилади. Устига устак онаси сил касали билан хасталанган, мунтазам даволаниб турмаса бўлмайди. Карантин энг аввало мана шундай оилаларга зарба берди. Рўзғорда тишга босгулик ҳеч нарса қолмайдигандек туюлган вақтда «Саҳоват ва кўмак» дастури ёрдамга келди.

— Ёрдам сўрагандик, дарров егулик етказишди. Вақтинча «Темир дафтар»га жойлаштиришди, бир марта 800 минг сўм ёрдам берилди. Ҳокимлик томонидан тезда иш ҳам топиб беришди, ҳозир доимий даромадга эгаман, онам касалхонада даволанмоқда, — дейди Руслан Гасимов.
***
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ёрдамга муҳтож аҳолига бир марталик ёрдам сифатида пул тарқатилганда турли гап-сўзлар юзага келди. Бундай вақтда албатта қаердадир, кимгадир кам ёки кўп бериб юборилган бўлади. Аммо Навоий шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Диёр Элмуродовнинг таъкидлашича, ҳамма иш тегишли тартибда ўтказилган.

— Тартибга кўра, «Темир дафтар»га киритилган оилаларда 3 киши истиқомат қилса 500 минг сўм берилди. Беш кишигача бўлса 800 минг ва ундан ортиқ бўлган хонадонларга 1 миллион сўмдан топширилди. Шу тариқа 792 та оила ёрдам олди. Яна 359 хонадоннинг ҳар бир аъзосига 220 минг сўмдан берилди, — дейди мутасадди.
***
Халқимизда бир нақл бор — «Қўлдан берганга қуш тўймайди». «Темир дафтар»га киритилган оила вакили Абдиева Олима шунинг учун ҳам пандемия вақтида ўз бизнесини бошлашни маъқул кўрди. Унга иш бошлаб олиши учун олти ойлик имтиёзли шарт билан 24 миллион сўм кредит берилди.
Олиманинг гулдек ҳунари бор, турмушга чиққунга қадар тикувчилик қилган. Аммо келин бўлгач янги хонадонда ишини давом эттира олмади — 10 киши учун шундоқ ҳам торлик қилаётган уйда тикув машинасига жой топилмади. Ҳаммасини пандемия ўзгартириб юборди. Олима аввал жазм эта олмаган ишига энди қўл урмаса бўлмасди.

Аввалига ҳокимлик ёрдами билан олинган кредитга 5 та тикув машинаси сотиб олинди. Сўнгра ижарага жой ҳам топилди. Ҳозирда Олима Абдиева тадбиркорлик қилиб нафақат ўзи пул топмоқда, балки яна икки кишини ҳам иш билан таъминлаган.
***
Ўғилой Бобоқулова турмуш ўртоғидан ажраб, тул қолганда қўлида 7 ойлик чақалоғи бор эди. Мана 5 йилдирки ўғлини ёлғиз ўзи катта қилиб келмоқда. Ота фарзандини бир марта кўрган ҳолос, чақалоқ икки ойлик бўлганда бирровга Россиядан келиб кетган эди. Орадан кўп ўтмай бахтсиз ҳодиса туфайли ўша ёқларда ҳаётдан кўз юмди. Ўғилой қўлидаги чақалоғи билан ёлғиз қолди.

Яхши ҳамки маҳалла бор экан, Ўғилойнинг дардига малҳам бўлди.

Вақт ўтиб тирикчилик амал-тақал йўлга қўйилди. Аёлгина у-бу қўшнининг ишини қилиб, кўрпасини қавиб бериб, қора қозонини қайнатиб юрди. Шу кичиккина даромад ҳам пандемия туфайли узилиб қолганда эса яна маҳалла ёрдамга келди. Она-бола «Темир дафтар»га киритилди ва бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди. Энг муҳими — ҳомийлар кўмагида тикув машинаси олиб берилди. Энди эса хотин-қизлар қўмитаси Ўғилойни тикувчилик курсида ўқитишга бел боғлаган.

Албатта Навоий шаҳрида ҳали қилинадиган ишлар етарли. Қаердадир яна ёрдамга муҳтож бўлган одамлар борлиги шубҳасиз. Уларни қидириб топиш, ёрдам бериш ва рози қилиш ҳокимликнинг биринчи навбатдаги вазифасидир. Xabar.uz'га маълум қилинишича, август ва сентябр ойларида маҳаллий тушумлардан 515 миллион сўм ортиб қолиши кутилмоқда. Ҳокимлик мана шу маблағни тўлиғича ижтимоий ҳимояга йўналтиришни мақсад қилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Карантиндаги беш ой. Ундан ким қандай чиқди?