08:39 / 31.08.2020
1 731

Ўзбекистонда мактабларга қарийб 10 минг нафар тиббиёт ходими сафарбар қилинди

Ўзбекистонда мактабларга қарийб 10 минг нафар тиббиёт ходими сафарбар қилинди
Фото: Zarnews
Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бошчилигида ўтказилган мактабларда янги ўқув йилини ташкил этишда санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда мактабларга 10 минг нафарга яқин тиббиёт ходими сафарбар этилиши ҳақида маълум қилинди, деб ёзмоқда ССВ ахборот хизмати.

Видеоселекторда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиларининг барча жараёнларда таълим мактабларида тиббий хавфсизликни таъминлаш борасида кўмак ва тавсияларини бериб бориши таъкидланган.

«Пандемия шароитида янги ўқув йилини бошлаш жиддий тайёргарликни талаб қилади. Ўзбекистондаги 9942 та мактабда фаолият кўрсатадиган 480 минг нафардан зиёд ўқитувчи ва у ерда таҳсил олаётган 6,2 миллион нафардан зиёд ўқувчининг соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига ҳам қатор масъулият ва вазифалар юклайди. Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов шу талабдан келиб чиқиб, кўп тармоқли марказий поликлиника, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктлари ҳудудидаги таълим муассасаларига қарийб 10 минг нафар тиббиёт ходими бириктирилганини қайд этди», — дейилади ССВ хабарида.

Хабарда айтилишича, тиббиёт ходимлари мактабларда филтрларни ташкил этишда иштирок этади, ушбу жараёнда тана ҳарорати кўтарилган ва бемор деб топилган ўқувчилар ҳақидаги маълумотни ҳудуддаги тегишли муассаса раҳбарларига етказади. Шунингдек, карантинга олинган хонадон эгаларига бемор ёки улар билан мулоқотда бўлган болаларни фақат оила шифокорининг рухсати билан мактабга юбориш кераклигини тушунтиради, бемор аниқланган хонадонда санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилиш тартибини назорат қилади.

Шунингдек, таълим муассасасига бириктирилган тиббиёт ходимлари мактаб жамоаси ва ўқувчилар орасида коронавирус профилактикаси билан шуғулланиш, тарғибот тадбирларини ўтказиш, амалга оширилган ишлар ва бемор болаларнинг ҳолати бўйича маҳаллий ҳокимликлар, халқ таълими муассасалари каби қатор ташкилотларга тегишли маълумотларни тақдим қилиш ишлари билан ҳам шуғулланади.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда мактабларга қарийб 10 минг нафар тиббиёт ходими сафарбар қилинди