13:35 / 06.09.2020
2 466

Пул жигардан устунми?

Пул жигардан устунми?
Валихон (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Қўқон шаҳрининг Чархий мавзесидаги уйнинг биринчи қаватидаги хонадонда онаси ва оиласи билан истиқомат қилган. Ҳеч қаерда ишламаган. Акаси Алихон санъаткор, «Ўзбекконцерт»нинг Қўқон шаҳар бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган. А.Хўқандий мавзесидаги кўпқаватли уйдаги хонадонлардан бирида оиласи билан яшаган. Асосий ишидан ташқари тўйларга чиқиб юрган. Валихоннинг овозкучайтиргичи бўлиб, ҳофиз акасининг гуруҳида юриб тўйларда тушган пулдан улушини олиб турган. Шунинг ҳисобига рўзғорини тебратиб келган.

Меҳр, оқибат, муҳаббат, вафо, ҳалолликни тараннум этувчи қўшиқларни куйлаб танилган ҳофиз ичкиликка ружу қўйган. Ароқ ичиб маст бўлганида иззатталаблик қилиб жанжал чиқаришга одатланган. Мастлигида одам танимаган, яқинларига ҳам ташланаверган. «Пул бўлса чангалда шўрва» дея пулга берилган. Ёши улуғларнинг, онасининг ичкиликбозликдан қайтаришга уринишлари бесамар қолаверган.

Алихоннинг гуруҳида шогирди Шерқул давраларни қизитадиган қўшиқларни куйлаган. Ака-ука ўртасида келиб чиққан низо билвосита Шерқулнинг ғирромлигига бориб тақалади. Суд жараёнида аниқланишича, Алихоннинг гуруҳини шаҳардаги қаҳвахоналардан бирида ташкил этилаётган зиёфатда хизмат қилишга таклиф этишади. Алихон ўзи бормай шогирдларини юборади.

Валихон овозкучайтиргичини қаҳвахонага ўрнатиб, зиёфатдаги тушумни хомаки ҳисоб-китоб қилиб ўтиради. Шерқулга қистирилган эллик минг, юз минг сўмликлар умумий қозонга тушмасдан, чўнтагида қолиб кетаётганига эътибор қаратади. Банкетдан сўнг пулни тақсимлаш чоғида Шерқулнинг йирик пулларни яшириб олиб қолганини юзига солиб эътироз билдиради. Танбеҳ бериб, бу ҳақида телефонда акасига айтади. Алихон «Шерқулга бир сўм ҳам берма» дея тайинлайди.

Уч кун ўтиб кўришганида акасининг кайфияти йўқ эди. Рафиқасининг ҳомиласи тушиб қолган экан. Алихон буни онасидан кўради, Валихоннинг уйига келиб, онаси билан сан-манга боради. Шанба куни шогирди Шерқул, унинг ошнаси Шукур билан улфатчилик қилиб, тўйгунича ичади. Банкетда тушган пулларни яшириб қолганини Шерқулнинг юзига солади. У эса ўз навбатида пулни укаси Валихон олиб тургани ва тақсимлаганини айтиб, оловга мой сепади.

Тун ярмидан ўтган, Валихон телевизорда футбол томоша қилиб ётганди. Алихон бир неча марта қўнғироқ қилди. Унга жавоб бермади. Соат бирларда акаси эшикни очишни талаб қилди. «Ташқарига чиқ…» дея сўкинди. Валихон деразадан қараса, унинг ёнида Шерқул билан Шукур, ўзи маст, важоҳати ёмон. Шерқулга қўнғироқ қилиб, «Акамни олиб кетинглар, чиқмайман» деди. Шукурнинг телефонига «Чиқмайман, олиб кетинглар» дея хабар ташлади. Бироқ Алихон икковининг гапига қулоқ солмади.

Бақир-чақир қилиб қўшни хонадонларнинг ҳам тинчини бузаверди. Онасининг деразадан туриб, «Мастсан, уйингга бор, эртага гаплашамиз» деган сўзлари ҳам кор қилмади. Валихон қўшнилардан номус қилиб ташқарига чиқди, акаси билан юзма-юз бўлди. Алихон бирданига пичоқ билан ташланди. Валихон чап бериб, ёзги ошхонадаги қозон қопқоғини, қўлига кирган нарсаларни унга қарата отди. Акаси чап бериб келди-ю, қўлидаги пичоқни сонига санчди. Валихон ошхонага кирди. Пичоқлаб қўйди дея икки қўлига пичоқ олиб ташқарига чиқди.

Акасининг машинаси ёнига бориб, «Қанисан, чиқ буёққа» дея сўкинди. Шамшод дарахтининг буталари орасидан чиқиб ташланган акасига чап бериб, пичоқни бир марта унинг елкаси остига санчиб олди. Алихон ғулдираб беш-олти қадам юриб йиқилди. Тепасида қўшнилар тўпланди. Валихон ҳушини йиғиб ёрдам сўради. Қўшнилар машинага ортгани қарашиб юборишди. Алихонни «Жентра» машинасида шифохонага олиб борди. Бироздан кейин шифокорлардан бири акаси ҳушига келмай ўлганини маълум қилди.

Пул можароси туфайли акасининг умрига зомин бўлган В.Қориевнинг айби иқрорлигидан ташқари гувоҳларнинг кўрсатмалари, далиллар билан тасдиқланди. Суд қотилга саккиз йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Шерзод Хайдаров,
Фарғона вилояти прокуратураси катта терговчиси

Манба: Huquq.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Пул жигардан устунми?