09:05 / 19.09.2020
2 805

Ёнғоқ — инсон хотирасини чархлайди. У саломатлик гарови ҳамдир

Ёнғоқ — инсон хотирасини чархлайди. У саломатлик гарови ҳамдир
Инсон организми учун керакли витаминларга бой ёнғоқ мағзи, айниқса, инсон мия фаолияти, хотира тизимини мустаҳкамлайди. Мутахассислар ҳар бир одамга кунига ҳеч бўлмаганда бир ёки икки дона ёнғоқ истеъмол қилишни тавсия қилади. Ушбу тавсияларга амал қилган янги авлоднинг келажаги порлоқ. Билим бор, истиқбол бор, мамлакатни тараққиёти учун зеҳни ўткир, ботиний олами бутун ёшлар тайёр... Бу-уларни ҳар қандай инновацион янгиликларни яратишга қодир деганидир. Идрокли, такрорланмас қобилият ва онгу тафаккури юксак кадрлар билан мамлакатнинг ўзи кўзлаган марраларга эришиши осон кечади.

Демак, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ заминимизда серҳосил ёнғоқзорларни кўпайтиришга қаратилган лойиҳаларни татбиқ этиш ташаббусини илгари сурди. Мақсадлар юксак—соҳани ривожлантириш орқали иқтисодий кўрсаткичларни бир поғона кўтариш, шунинг баробарида истеъмолни кўпайтириб, бўлғусида интеллектуал салоҳияти юқори авлодни тарбиялаш. Эндиликда ёнғоқдан қисқа йил ичида мўл ҳосил олиш мақсадида турли интенсив технологиялар жорий этилмоқда. Ғоянинг мазмун-моҳияти чуқур. Йиллар ўтган сари биз буни теран идрок этиб бораверамиз.

Мулоҳазалар: табобат илмининг султони Абу Али Ибн Сино ўзининг «Тиб қонунлари» асарида кўплаб доривор фойдали ўсимликлар қатори ёнғоқнинг хусусиятлари ҳақида ёзади. Унга кўра, ёнғоқ дарахти меваси, барги, пўстлоғи, мағзидан тайёрланган шарбат ҳар хил касалликларни даволайди ва олдини олади. Шу хусусияти билан ёнғоқ мағзи мол гўштидан 7 баробар устун туради. Ёнғоқ мағзида темир, фосфор, мис, серотин моддалари, 58–77 фоиз ёғ, 12–25 фоиз оқсил ва 5–25 фоиз углеводлар мавжуд.

Хитой, АҚШ, Испания, Италия, Австрия, Туркия, Украина, Молдова каби давлатлари ёнғоқ етиштириш ва уни қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича етакчи ўринларни эгаллайди. Ўзбекистон ҳам улар сафига қўшилмоқда. Президентимиз кўрсатмалари ва яратиб берган шароитлари натижасида Академик Маҳмуд Мирзаев номли боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан ёнғоқнинг ўнлаб қимматли навлари яратилди.

Асосий урғу берилаётган грек ёнғоғи. Иссиқсевар дарахт ва уни яхши етиштириш учун ҳарорати +10° дан юқори бўлган 150 кун талаб қилинади, намликка талабчан. Ҳозирда республикамизнинг бир қатор туманларининг тоғ бағриларида, ясси кенгликларига барқ уриб ривожланаётган дарахтзорларни кўплаб учратасиз. Бўйи 25-30 м.гача етадиган дарахт дастлаб ин-витро лабораторияларида ута нозик шаклда ундирилади.

Масалан, унинг «Чандлер» нави тўртинчи йилдан бошлаб ҳосилга киради. У гектаридан 6-7 тоннагача мева боради. Ёнғоқ – ёруғсевар ўсимлик бўлиб, у ёлғиз ўзи ёки сийрак ўсганда яхши ривожланади.

Бу йилнинг 9 апрелида юртимизда ёққан қор ёнғоқзорларга анча зарар етказган, совуқ урган бўлса-да, ризққа яраша бериб, ёнғоқдан шахсий томорқаларда ҳам тузуккина даромад олинмоқда. Ҳовлиларда янги дарахтзорлар кўпаймоқда. Бу қувонарли ҳол. Ёнғоқ мағзи инсон организми учун кони фойда эканлигини унутмаслик керак. Ёнғоқни мунтазам истеъмол қилган одамнинг онгу тафаккури тиниқ, дунёқараш ва фикрлаши кенг бўлади. Борлиққа теран нигоҳ билан боқиш қобилияти ортиб боради.

Демак, ёнғоқ нафақат иқтисодий самара беради, балки инсонни ҳаётда ўз ўрнини топишида ҳам унга ақлий йўлдош бўлади. Энг муҳими киши саломатлигига ижобий таъсир кўрсатган ёнғоқ уни узоқ умр кўришида шахсий шифокор вазифасини ҳам ўтайди.

Масалан: Қандли диабетда яхши таъсир кўрсатади, стрессдан чиқишга ёрдам беради. Ёнғоқ суви юрак соғломлигини сақлайди, жигарни соғломлаштиради, озишга ёрдам беради, терини соғломлаштиради ва ҳаракатчанликни яхшилайди. Хотирани кучайтиради, мия функцияларини яхшилайди ва ҳазм системасини яхшилайди. Уйқусизлик муаммосини ҳал этади ва бошқалар... Ёнғоқ минг дардга даво экан.

Наврўз Ризаев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ёнғоқ — инсон хотирасини чархлайди. У саломатлик гарови ҳамдир